Индонезияда Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва маданияти маркази иш бошлади
Май 25, 2026. 08:10 • 3 дақ
• 75ЖАКАРТА, 25 май. /“Дунё” АА/. Индонезиянинг Гунадарма университетида Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва маданияти марказининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур тадбир юртимизнинг Индонезиядаги элчихонаси ташаббуси билан, “Ватандошлар” жамоат фонди ҳамда Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирда университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, талабалар, Олий таълим, фан ва технология вазирлигининг масъул ходимлари, Индонезиянинг академик ва маданий доира вакиллари иштирок этди.
Гунадарма университети Индонезиянинг етакчи олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Олийгоҳ 1980 йилда таъсис этилган бўлиб, унинг кампуси Депок шаҳрида жойлашган. Университетда бакалавр ва магистратура йўналишлари бўйича 40 мингдан зиёд талаба таҳсил олади.
Университет ректори, профессор Эко Шри Маргианти Ўзбек тили ва маданияти марказининг ташкил этилиши Индонезия ва Ўзбекистон ўртасидаги таълим ва маданият соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш йўлида қўйилган навбатдаги қадам эканини таъкидлади. У Индонезия жамиятида Ўзбекистонга, ушбу давлатнинг тили ва маданиятини яқиндан ўрганишга бўлган қизиқиш ва интилиш тобора ортиб бораётганини қайд этди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Индонезия халқларини чуқур тарихий-маданий ришталар, ислом цивилизацияси мероси ва умумий маънавий қадриятлар боғлаб туришини алоҳида эътироф қилинди. Алишер Навоий маркази икки мамлакат ўртасидаги халқ дипломатиясининг муҳим платформасига айланиши, унинг негизида тил, адабиёт, илм-фан ва маданият соҳаларида ҳамда туризм йўналишида узоқ муддатли ҳамкорлик йўлга қўйилишига ишонч билдирилди.
Мутахассислар ўзбек тили Ал-Хоразмий, Ибн Сино, Имом Бухорий, Баҳоуддин Нақшбанд сингари дунёнинг буюк олим, донишманд ва уламолари яшаб ижод этган юртнинг давлат тили эканини таъкидлади. Бугунги кунда ўзбек тилида дунёнинг 20 га яқин мамлакатларида 50 миллиондан зиёд инсон сўзлашиб мулоқот қилиши маълум қилинди.
Олийгоҳ ректори ўзбек тили фани филология ва туризм факультетлари талабалари учун факультатив дарс сифатида ўқув жадвалига киритилишини маълум қилди.
Тадбир доирасида Ўзбекистоннинг етакчи олий таълим муассасалари, жумладан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ректори профессор Илхомжон Тўхтасинов ҳамда Урганч давлат педагогика институти филология факультети декани Феруза Раджапованинг махсус видеомурожаатлари намойиш этилди.
Видеомурожаатларда мазкур марказнинг очилиши Ўзбекистон ва Индонезия олий таълим муассасалари ўртасида академик алоқаларни мустаҳкамлаш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинувини ривожлантириш ҳамда қўшма таълим дастурларини амалга ошириш учун муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Тадбир давомида элчихона ва Гунадарма университети ўртасида Марказ фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантиришга оид ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Алишер Навоий номидаги марказ китоб жавонларидан ўзбек адабиётининг олтин фондига кирган асарлар, ўқув қўлланмалари, ўзбек тилининг изоҳли ва имло луғатлари, мамлакатшунослик бўйича дарсликлар ўрин олди. Тадбир доирасида Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг сайланма асарлари тўплами марказ кутубхонасига топширилди.
Марказнинг асосий фаолияти университет талабалари ва тингловчилари учун ўзбек тилини ўқитиш, ўзбек адабиёти ва маданиятини тарғиб қилиш, Алишер Навоий меросини ўрганиш, Ўзбекистон тарихи, миллий анъаналари ва маданий меросига бағишланган тадбирларни ўтказишга қаратилган.
Ушбу янги марказ негизида “Ўзбек тили кунлари”, “Навоий ўқувлари”, адабий ва маданий кечалар, кино намойишлари, илмий-амалий конференциялар ҳамда қўшма таълим лойиҳаларини мунтазам ташкил этиш бўйича турли келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси













