Фарғона ва Минск вилоятлари ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Сентябрь 24, 2026. 10:30 • 2 дақ
• 117МИНСК, 24 сентябрь. /“Дунё” АА/. Беларуснинг Минск вилояти ижроия қўмитаси раиси Алексей Кушнаренко бошчилигидаги делегация Фарғона вилоятига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Беларусь вакиллари ташриф давомида минтақадаги саноат корхоналари ва инвестиция лойиҳалари билан танишди. Делегация “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида “Crown Ceramic” қўшма корхонаси фаолияти билан яқиндан танишди.
Шунингдек, меҳмонлар керамогранит ишлаб чиқариш, “Marwin Fruitline”да меваларни қайта ишлаш ва концентрланган табиий шарбат тайёрлаш, “Hansae Mobility Turan” корхонасида автомобиллар учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш лойиҳалари билан ҳам танишди.
Фарғона туманида беларуслик инвестор томонидан ташкил этилган, резаворлар, мева ва сабзавотларни қайта ишлаб, музлатиб, Беларусь, Россия, Туркия ва Қозоғистонга экспорт қиладиган корхона ҳамкорликнинг яна бир намунаси бўлди. Корхонанинг экспорт ҳажми 3 миллион доллардан ошди. Мазкур объектда 100 дан ортиқ доимий иш ўрни яратилган бўлиб, мавсумда иш билан банд бўлганлар сони 200 нафарга етади.
Фарғона ва Воложин туманлари уч ой муддатда иқтисодий, маданий ва таълим соҳаларида ҳамкорлик бўйича қўшма режа тайёрлашга келишиб олди.
Делегация вакиллари билан бўлиб ўтган мулоқот жараёнида Фарғона ва Минск ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми жорий йилда 28 фоизга ошиб, 150 миллион долларга етгани алоҳида таъкидланди.
Томонлар енгил саноат, машинасозлик ва туризм соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, ҳудудлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш бўйича фикр алмашди.
Учрашувлар якунида иштирокчилар ҳудудлараро ва ишбилармонлик алоқаларини янада ривожлантиришга қаратилган ҳужжатларни имзолади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси





