Logo

Ўзбекистон Президенти газ қазиб олиш ҳажмларини ошириш ва соҳани трансформация қилиш бўйича режаларни кўриб чиқди

Январ 12, 2026. 18:17 • 2 дақ

106
Ўзбекистон Президенти газ қазиб олиш ҳажмларини ошириш ва соҳани трансформация қилиш бўйича режаларни кўриб чиқди

ТОШКЕНТ, 12 январь. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти фаолиятининг келгусидаги вазифалари ва режалари юзасидан тақдимот билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, энергетик хавфсизликни таъминлаш ва иқтисодиёт тармоқларига энергия ресурсларини узлуксиз етказиб бериш мамлакат тараққиётининг муҳим омилларидан ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, газ соҳасида ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, замонавий технологияларни кенг жорий этиш ва геология-қидирув ишларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тақдимотда “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти олдида турган энг асосий вазифа табиий газ захираларини ошириш ва қазиб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш экани қайд этилди. Компания кунлик газ қазиб чиқариш ҳажмини 66 миллион куб метрдан 70 миллион куб метрга кўпайтириш, бу йил камида 25,4 миллиард куб метр газ қазиб чиқариш чораларини кўриши зарурлиги таъкидланди.

Мавжуд имкониятларни ишга солиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Газ захираларини ўстириш учун янги истиқболли инвестиция блокларини шакллантириш, инвесторларга берилган айрим майдонларда эса ишларни жадаллаштириш ва самарадорлигини ошириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Нафта ишлаб чиқариш ҳозирда қувватнинг 70 фоизида амалга оширилаётгани, маҳсулот эса 50 фоиз арзон нархларда экспорт қилинаётгани кўрсатиб ўтилди. Нафтадан полимер маҳсулотлари ишлаб чиқарилса, қўшилган қийматни 6 карра ошириш имконияти борлигини ҳисобга олиб, мавжуд қувватларни тўлиқ ишлатиш чораларини кўриш топширилди.

“Ўзбекнефтгаз”нинг молиявий ҳолатини яхшилаш чора-тадбирлари ҳам кўриб чиқилди.

Йиғилишда нефть-газ соҳасида ўғрилик ва коррупция ҳолатларига қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Соҳадаги коррупцион хавфларни олдини олиш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” тузилмасида раиснинг алоҳида ўринбосари лавозими киритилиб, комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат хизмати ташкил этилди. Тизимдаги ҳар қандай ноқонуний ҳолатни тезкор аниқлаш ва олдини олиш бўйича самарали тизим яратиш вазифаси қўйилди.

Президентимиз нефть-газ соҳасида трансформацияни чуқурлаштириш, газ захиралари ва қазиб олиш ҳажмларини ошириш, молиявий интизомни кучайтириш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

 

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш