Президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркий давлатлар ташкилоти Судьялар кенгашлари раҳбарларининг IV йиғилиши иштирокчиларига мурожаати
Май 22, 2026. 10:58 • 3 дақ
• 45
(2026 йил 22 май, Тошкент ш.)
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Авваламбор, сиз, азизларни туркий цивилизациянинг қадимий марказларидан бири бўлган кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрида чин дилдан табриклашдан бахтиёрман.
Ҳеч шубҳасиз, ушбу йиғилишнинг доимо адолат тамойилларига таяниб иш юритган Соҳибқирон Амир Темур салтанатининг пойтахтида, ул зотнинг 690 йиллик қутлуғ таваллуд санаси халқаро миқёсда кенг нишонланаётган кунларда бўлиб ўтаётгани анжуманга алоҳида шукуҳ бағишламоқда.
Жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ва нуфузи тобора ортиб бораётган Туркий давлатлар ташкилотининг бугунги кунда туркий бирлик ва тараққиёт борасида муҳим роль ўйнаётгани барчамизга юксак ғурур ва ифтихор етказади.
Муҳтарам дўстлар!
Туркий давлатлар ташкилоти фаолиятида қонун устуворлигини таъминлаш, самарали бошқарув ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари алоҳида ўрин тутади. Айниқса, дунёнинг геосиёсий харитасида туб ўзгаришлар юз бераётган, қарама-қаршиликлар кўлами, низолар кучайиб бораётган ҳозирги мураккаб вазиятда ана шу масалаларни биргаликда муҳокама қилиш ва бу борада самарали ечимлар топиш долзарб аҳамиятга эгадир.
Албатта, мамлакатларимиз ҳаётида адолат ва қонун устуворлигини таъминловчи, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ва кучли судьялар корпусини яратишда Судьялар кенгашларидан умидимиз катта.
Айни шу жиҳатдан қараганда, бугунги йиғилиш кун тартибига киритилган масалалар Кенгашларнинг истиқболдаги фаолиятида янги йўналишларни белгилаб беради, деб ишонаман.
Хусусан, анжуман доирасида имзоланиши кутилаётган Аъзо давлатларда Cудьялар одобининг умумий принциплари тўғрисидаги ўзаро англашув меморандуми туркий халқларнинг тарихий-ҳуқуқий анъаналари умумийлиги ва суд тизимлари ўртасида муштарак ахлоқий мезонлар ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шунингдек, бу муҳим ҳужжат судьяларнинг халқаро миқёсда эътироф этилган хулқ-атвор мезонларининг аҳамиятини эътироф этиб, миллий ҳуқуқий анъаналарга ҳурмат билан ёндашишни ҳам кўзда тутади.
Таъкидлаш лозимки, жорий йилнинг 6 майида Тошкентда бўлиб ўтган Одил судлов академиялари форумида суд-ҳуқуқ соҳасида туркий давлатлар таълим тизимини ташкил этишнинг минимал стандартларига оид халқаро ҳужжат қабул қилинди.
Бу мамлакатларимизда судьяларни тайёрлашнинг янги ва универсал тизимини жорий этишга қаратилгани билан, айниқса, диққатга сазовордир.
Қадрли анжуман қатнашчилари!
Сизлар Самарқанд йиғилишида барча давлатлар учун устувор вазифалардан бири бўлган қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдек эзгу мақсадлар йўлида салмоқли натижаларга эришасиз, деб ишонаман.
Энг муҳими, бундай форумлар мамлакатларимиз ўртасида стратегик шериклик, халқларимиз орасида яқин дўстлик ва қардошлик ришталарини янада кучайтиришга, туркий дунёнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва нуфузини юксалтиришга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Сизларни ушбу тадбирдаги иштирокингиз билан яна бир бор қутлаб, ғоят шарафли ва масъулиятли фаолиятингизда улкан омадлар, мустаҳкам сиҳат-саломатлик, анжуман ишига эса муваффақият тилайман.
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




