Ўзбекистон Президенти: Ҳар бир бола ҳозирнинг ўзида меҳр, хавфсизлик, сифатли таълим ва зарур тиббий ёрдамга ҳақли
Октябрь 21, 2026. 22:30 • 2 дақ
• 77
ТОШКЕНТ, 21 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Самарқандда бошланган “Болалар фаровонлигига инвестиция: келажак авлодларнинг барқарор ва адолатли тараққиёти сари йўл” Бутунжаҳон саммити иштирокчиларига табрик йўллади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Биринчи хоними Зироат Мирзиёева ташаббуси билан ташкил этилган “Болалар фаровонлигига инвестиция: келажак авлодларнинг барқарор ва адолатли тараққиёти сари йўл” бутунжаҳон саммити ўз ишини бошлади, – деб ёзди Ўзбекистон Президенти матбуот котиби Шерзод Асадов ўзининг telegram-каналида. – Анжуманда турли мамлакатларнинг биринчи хонимлари, БМТ, УНИСЕФ, Жаҳон банки, ЖССТ ва бошқа халқаро тузилмаларнинг юқори мартабали вакиллари иштирок этмоқда.
Саммитнинг очилиш маросимида Президент Шавкат Мирзиёевнинг анжуман иштирокчиларига табригини ўқиб эшиттирдим.
Давлатимиз раҳбари мурожаатида болалар фаровонлиги, аввало, уларнинг бугунги ҳаёти билан боғлиқ экани таъкидланган. Ҳар бир бола ҳозирнинг ўзида меҳр, хавфсизлик, сифатли таълим ва зарур тиббий ёрдамга ҳақли. Шу боис, болаликка сармоя давлат сиёсатида изчил ва барқарор ўрин эгаллаши зарур.
Ўзбекистонда бу борада олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида мактабгача таълим қамрови 27,7 фоиздан 78 фоизга ошди, сўнгги беш йилда болалар камбағаллиги қарийб тўрт баравар қисқарди. Инклюзив мактаблар сони ҳам сезиларли кўпайди. Президентимиз бу ишларнинг ҳақиқий натижаси ҳар бир оила ҳаётида сезилиши кераклигига эътибор қаратди.
Бола ҳаётининг илк давридан узлуксиз кўмакни кучайтириш, она саломатлиги, тўғри овқатланиш, эрта ривожланиш ва мактабгача таълимни ўзаро боғлаш муҳимлиги таъкидланди. Болаларнинг оғир касалликларини, жумладан, онкологик хасталикларни эрта аниқлаш ва даволашда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари Биринчи хонимларнинг болалар онкологияси бўйича халқаро ҳамкорлик ташаббусини қўллаб-қувватлади.
Болалар учун хавфсиз таълим ва рақамли муҳит яратиш, уларни зўравонлик ва эксплуатациядан ҳимоя қилиш ҳам мурожаатнинг муҳим йўналишларидан бўлди. Президентимиз болаларнинг ўзларига дахлдор хизматлар ҳақидаги фикрини эшитишга чақириб, ҳамкорликни давом эттириш учун Самарқанд платформасини амалий мулоқот механизми сифатида шакллантиришни таклиф этди”.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси