“C5+1”: Тарихий шериклик, фаровон келажак
Октябрь 19, 2026. 15:15 • 6 дақ
• 10
ТОШКEНТ, 19 июнь. / “Дунё” АА/. Бугун Самарқанддаги “C5+1” вазирлар учрашуви муносабати билан Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Тожикистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлари ҳамда АҚШ Давлат котиби АҚШ ва Марказий Осиё ўртасидаги узоқ муддатли шериклик истиқболларига оид умумий қарашларини баён этди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Қуйида ҳужжатнинг матни келтирилмоқда:
“Биз, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлари ҳамда Америка Қўшма Штатлари Давлат котиби, 2026 йил 19 октz,hm куни Самарқандда бўлиб ўтадиган “C5+1” форматидаги вазирлар учрашуви муносабати билан АҚШ ва Марказий Осиё ўртасидаги узоқ муддатли шериклик истиқболи юзасидан умумий қарашларимизни баён этамиз.
Биз Америка Қўшма Штатлари ва Марказий Осиёни узоқ муддатли, ўзаро манфаатли ва устувор шериклар сифатида тасаввур қиламиз.
Ўн йилдан ортиқ вақт аввал “C5+1” форматидаги илк вазирлар учрашуви бўлиб ўтди. Бу барча давлатларнинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигига ўзаро ҳурмат тамойилига асосланган дипломатик платформани ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Жорий йилда Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигини, Америка Қўшма Штатлари эса ўз мустақиллигининг 250 йиллигини кенг нишонлаётган бир пайтда, биз келгуси кўплаб авлодлар давомида мустаҳкам шерикликни ривожлантиришни кўзламоқдамиз.
“C5+1” мамлакатлари ҳукуматлари суверен давлатлар ўртасидаги дўстлик муҳимлигини тасдиқлар экан, мамлакатларимизнинг тарихий ҳиссасини эътироф этамиз, бугунги имкониятлардан фойдаланамиз ҳамда ҳар бир мамлакатимиз фуқаролари учун янада тинч ва фаровон келажакни барпо этишга интиламиз. Биз низоларни тинч йўл билан ҳал этиш тамойилларини ривожлантиришни, мамлакатларимиз ўртасидаги мулоқот ва ҳамкорликни изчил мустаҳкамлашни кўзлаймиз.
Биз Америка Қўшма Штатлари ва Марказий Осиё ўртасидаги алоқалар тобора мустаҳкамланиб боришини тасаввур қиламиз.
Алоқалар чорраҳасида жойлашган ушбу минтақада биз АҚШ ва Марказий Осиёни ўзаро боғлаб турувчи тарихий ришталарни қайта кўриб чиқамиз ҳамда уларни мустаҳкамлашнинг инновацион йўлларини излаймиз. Илгари масофалар фуқароларимизнинг бир-биримиздаги бетакрор масканларни кўриш ва улар билан танишиш имкониятларини чеклаган бўлса, бугун биз янги ва замонавий транспорт алоқаларини яратмоқдамиз. Транскаспий савдо йўлаги бўйлаб ўзаро манфаатли шерикликни мустаҳкамлаб, транспорт қатновини енгиллаштириш учун инфратузилмага сармоя киритмоқдамиз. Географик масофаларни қисқартириш ва “C5+1” мамлакатлари халқларини янада яқинлаштириш мақсадида, жумладан, инглиз тилини ўргатиш ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик орқали рақамли алоқалар ва ҳамжамиятлар ўртасидаги муносабатларни ривожлантирмоқдамиз.
Биз Марказий Осиёнинг глобал иқтисодиётда марказий ўрин эгаллашини тасаввур қиламиз.
Биз Марказий Осиёнинг глобал иқтисодиёт марказидаги ўрнини қайта тиклашга интиламиз. Транскаспий савдо йўлагини янада ривожлантиришга қаратилган биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз Марказий Осиё ва АҚШ ўртасида икки томонлама савдо ва инвестицияларни мисли кўрилмаган даражада кенгайтиришга, шунингдек, жадал ўсаётган бозорлардаги имкониятларни ишга солишга хизмат қилади.
Марказий Осиёда минтақавий иқтисодий интеграцияни янада чуқурлаштириш, жумладан, минтақа ичидаги савдони кенгайтириш, транспорт алоқаларини яхшилаш, божхона тартиб-таомилларини уйғунлаштириш ва саноат соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали биз АҚШ билан боғланган, рақобатбардош минтақавий бозорни шакллантирмоқдамиз.
Ривожланиб бораётган “C5+1” платформаси Марказий Осиёда фаолият юритаётган Америка компаниялари учун ўзаро манфаатли янги тижорат имкониятларини яратишда давом этади. Шу билан бирга, ҳукуматларимиз Марказий Осиё корхоналарининг АҚШ бозорига сармоя киритиши ва ушбу бозорда фаолият юритиши учун кенгайтирилган имкониятларни назарда тутмоқда. Хавфсиз ва ишончли технологиялар, Американинг технологик салоҳияти ҳамда Марказий Осиёда жадал ривожланаётган технология тармоқларидан фойдаланиш орқали биз электрон тижорат равнақ топадиган, инновацион ечимлар кенг қўлланиладиган ва иқтидорли тадбиркорлар муваффақиятга эришадиган минтақани шакллантиришга интиламиз.
Биз келажак тараққиётига куч бағишлайдиган ҳамкорликни тасаввур қиламиз.
АҚШ ва Марказий Осиё ўртасидаги энергетика соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш барқарор иқтисодий ўсиш ва энергетик барқарорликни таъминлайдиган, юқори қўшилган қийматга эга интеграциялашган таъминот занжирларини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларга кучли туртки беришини эътироф этамиз. Мамлакатларимизнинг ҳар бири ҳали тўлиқ ўзлаштирилмаган табиий ресурсларнинг ўзига хос захираларига эга. Минтақада энергетика соҳасини ривожлантиришнинг умумий ва қудратли ҳаракатлантирувчи кучига айланиш учун ўз салоҳиятимизни бирлаштирамиз. Геологик маълумотлар катта бойлик ҳисобланади. Шу боис, биз геологик маълумотларни бошқариш бўйича тажриба ва илғор амалиётларни алмашишни мақсад қилганмиз.
Мамлакатларимизнинг ҳар бири учун максимал манфаат келтирадиган фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш имкониятларини кенгайтиришни назарда тутамиз. Шунингдек, минтақада қўшилган қиймати юқори маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтиришнинг инновацион усулларини ишлаб чиқиш ва ушбу маҳсулотларни халқаро бозорларга олиб чиқиш йўлларини яратиш орқали Марказий Осиёнинг экспорт салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришни кўзлаймиз.
Биз барча “C5+1” мамлакатлари учун хавфсиз келажакни тасаввур қиламиз.
“C5+1” доирасидаги хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши АҚШ ва Марказий Осиё халқларига манфаат келтиради. Ҳукуматларимиз терроризм ва трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда чегара хавфсизлигини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратади. Ноқонуний миграция, одам савдоси, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси ва қурол-яроғ контрабандасига қарши курашиш борасидаги ҳамкорлик орқали хавфсизликни янада мустаҳкамлаймиз. Ўз навбатида, ҳамкорлигимиз божхона тартиб-таомилларини такомиллаштириш ва савдони енгиллаштиришга хизмат қилиб, барча “C5+1” мамлакатларига манфаат келтирадиган иқтисодий ўсиш учун шароит яратади. Рақамли давр таҳдидларини камайтиришга қаратилган замонавий ёндашув, жумладан, “C5+1” доирасида киберхавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш, киберҳужумлар ва кибержиноятчиликка қарши самарали курашиш салоҳиятимизни оширади.
Биз АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида ядровий материаллар хавфсизлигини таъминлаш борасида узоқ йиллардан буён давом этиб келаётган ҳамкорликни олқишлаймиз ҳамда минтақада ядровий хавфсизлик бўйича билим ва салоҳиятни мустаҳкамлашга қўшилган қўшма ҳиссани эътироф этамиз. Марказий Осиёнинг ядро қуролидан холи зонаси асосида ядровий хавфсизлик, кафолатлар тизими, ядровий материалларнинг жисмоний ҳимояси ва атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш соҳаларидаги амалий ҳамкорликни янада чуқурлаштирамиз.
Биз ўтмиш меросини эъзозлайдиган келажакни тасаввур қиламиз.
Замонавий даврнинг илғор тармоқларида мавжуд имкониятлардан фойдаланар эканмиз, барча “C5+1” мамлакатларининг бой маданий меросини асраб-авайлашга содиқлигимизни яна бир бор тасдиқлаймиз.
Халқларимиз тарих давомида қўшган салмоқли ҳиссани ёдга олар эканмиз, маданий мерос соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва аҳоли ўртасидаги стратегик алоқаларни мустаҳкамлаш учун янги йўналишларни яратишни мақсад қилганмиз. “C5+1” мамлакатларининг ўзига хос тарихини тарғиб қилиш ва ҳимоя этиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда маданият муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтирамиз. Биргаликда касбий, маданий ва таълим алмашинувларини кенгайтириш; қадимий ёдгорликларни асраб-авайлаш ва ҳимоя қилишда янги технологиялардан фойдаланиш; маданий меросни муҳофаза қилишни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолияти билан уйғунлаштириш; шунингдек, халқаро миқёсда етакчилик қилишга тайёр, иқтидорли ва малакали кадрларни тайёрлашга интиламиз.
Туризм ва креатив иқтисодиёт каби маданий соҳаларда бизнес алоқаларимизни ривожлантириш орқали ўтмиш меросини эъзозлаган ҳолда келажак касблари ва янги иш ўринларини яратамиз. Умумий тажрибамиздан олинган сабоқларга таянган ҳолда, биргаликда янада фаровон келажакни барпо этамиз.
Биз “C5+1” доирасидаги ҳамкорлик глобал муаммоларга минтақавий ечимларни тақдим этишда давом этишини тасаввур қиламиз”.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси