Ўзбекистон Президенти Самарқандда дунёда локомотивлар, темир йўл техникаси, рақамли ва сервис ечимларини ишлаб чиқарувчи етакчи Америка компанияси раҳбарини қабул қилди
Октябрь 19, 2026. 18:25 • 2 дақ
• 74
ТОШКЕНТ, 19 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун “Wabtec” компанияси директорлар кенгаши раиси ва бош ижрочи директори Рафаэль Сантанани қабул қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашувда мамлакатимизда темир йўл инфратузилмаси ва транзит салоҳияти ривожланаётганини ҳисобга олиб, локомотивлар паркини янгилаш ва кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
АҚШ молия институтлари иштирокида локомотивларни уларнинг узоқ муддатли сервиси билан бирга етказиб бериш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистонда техник хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш, бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш ва мутахассислар тайёрлаш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Тоғ-кон корхоналарининг карьер техникаси учун сервис марказини ташкил этиш ҳамда дизель-генератор қурилмалари бўйича ҳамкорлик қилиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
“Wabtec” компанияси – локомотивлар, темир йўл техникаси, рақамли ва сервис ечимларини ишлаб чиқариш бўйича жаҳоннинг етакчи компанияларидан бири. Компания Марказий Осиё мамлакатларида ҳам лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси