Ўзбекистон Президенти Вьетнам Вице-президенти билан учрашди
Октябрь 15, 2026. 19:40 • 2 дақ
• 83
ТОШКЕНТ, 15 октябрь. /“Дунё” АА/. Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш саммити доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Вьетнам Вице-президенти Во Тхи Ань Суан билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш ва янада кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди.
Учрашув аввалида Вьетнам делегацияси раҳбари Ўзбекистон етакчисига Вьетнам Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Бош котиби, мамлакат Президенти То Ламнинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.
Томонлар Ўзбекистон–Вьетнам муносабатлари жадал ривожланиб бораётганидан мамнунлигини таъкидладилар. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми изчил ортиб бормоқда, турли даражаларда мунтазам алоқалар йўлга қўйилган.
Нефть-кимё, электротехника ва тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун кенг имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.
Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси