Ўзбекистон Президентига Сергели туманида рақамлаштириш бўйича ишлар ҳақида маълумот берилди
Июль 04, 2026. 15:16 • 2 дақ
• 20
ТОШКЕНТ, 4 июль. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун пойтахтимизнинг Сергели тумани ҳокимлигига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистон Президентига дастлаб ҳокимлик биносида туман идораларининг “ягона дарча” тамойили асосида ташкил этилган фаолияти ҳақида маълумот берилди. Туман ҳокимлиги биносида ҳокимликдан ташқари яна 5 та ташкилот фаолият юритиб, улар томонидан аҳоли ва тадбиркорларга 30 дан ортиқ турдаги давлат хизматлари кўрсатиб келинмоқда.
Хусусан, Ички ишлар вазирлигига онлайн мурожаат қилиш қурилмаси аҳоли учун анча енгилликлар яратади. Ушбу тизимдан мурожаат йўлланганда навбатчи инспектор видеоалоқа орқали мурожаат қилувчи билан боғланади. Мурожаат автоматик рўйхатга олинади. Мурожаатчи иш натижаси, инспектор муомаласи, ҳаракати ҳақида ўзининг баҳосини қўяди.
Давлатимиз раҳбари бундай “ақлли” қурилмаларни аҳоли гавжум жойлар, бозор ва бошқа объектларга кўпроқ ўрнатиш бўйича топшириқ берди.
Ҳокимликда вазиятлар маркази ташкил этилган. Сунъий интеллект асосида таҳлил қилиш, муаммоларни тезкор аниқлаш ва ҳал этиш бўйича “Ақлли туман” платформаси ишга туширилган. Вазиятлар марказида 17 та ахборот тизими ўзаро боғлангани аҳоли билан ишлашни янги босқичга олиб чиқади.
Бу ерда ижтимоий ва коммунал муаммолар мониторинг қилинади, аҳоли мурожаатларининг ижроси назоратга олинади, фавқулодда ҳолатларда тегишли хизматлар фаолияти тезкор бошқарилади ва мувофиқлаштирилади.
Вазиятлар марказини ишга тушириш доирасида туманнинг 46 маҳалласи билан видеоконференцалоқа йўлга қўйилган ва марказ билан интеграция қилинган. Шунингдек, тумандаги 25 мактаб вазиятлар марказига интеграция қилинмоқда.
Платформа таркибидаги “Хавфсиз туман” тизими ҳуқуқбузарликларни мониторинг қилиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Тадбиркорлик субъектларининг рақамли харитаси сунъий интеллект таҳлили асосида солиқ тушумларини прогноз қилиш ва уларнинг йиғилувчанлигини таъминлашга қаратилган. “AI Davomat” тизими эса мактабларда сабабсиз дарс қолдириш ҳолатларини бартараф этиш, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизликнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
Президентимиз вазиятлар маркази фаолияти билан танишиб, ушбу янги тизимни пойтахтнинг қолган туманларида ҳам жорий этишга топшириқ берди. Шу ернинг ўзида Тошкент шаҳрида таълим тизими, қурилиш соҳасини рақамлаштириш, яширин иқтисодиётни қисқартириш ва солиқларнинг йиғилувчанлигини ошириш, жамоат хавфсизлиги таъминлаш бўйича мутасаддиларнинг ҳисоботлари эшитилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси