Урсула фон дер Ляйен: Биз Ўзбекистоннинг Марказий Осиё доирасида минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги ролини юксак қадрлаймиз

Сентябрь 01, 2026. 16:30 • 7 дақ

54
Урсула фон дер Ляйен: Биз Ўзбекистоннинг Марказий Осиё доирасида минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги ролини юксак қадрлаймиз

БРЮССЕЛЬ, 1 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон мустақиллиги куни арафасида Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен “Дунё” ахборот агентлигига интервью берди.

– Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги нишонланмоқда. Ўтган вақт давомида мамлакат улкан тараққиёт жараёнини бошдан кечирди. Сизнингча, мамлакатнинг энг муҳим ютуқлари нималардан иборат ва ҳозирги ривожланиш босқичидаги ўзига хос жиҳатлари қандай?

– Ўзбекистонда йирик трансформация жараёнлари 2016 йилдан кейин, айниқса, жадал тус олди. Мамлакат иқтисодий ва халқаро шерикликни мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан дунёга очилди. Ислоҳотлар жадал давом этмоқда, қўшни давлатлар ва хорижлик ҳамкорлар билан алоқалар мустаҳкамланмоқда.

Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатларини янада яқинлаштиришда муҳим роль ўйнамоқда. Минтақавий ҳамкорликнинг янгича йўналишда тикланиши сўнгги йиллардаги энг муҳим воқеалардан бири бўлмоқда.

Европа Иттифоқи бу жараёнларни эътироф этиб, қўллаб-қувватлайди. Иқтисодиётни либераллаштириш, хусусий тадбиркорлик учун шароитларни яхшилаш, халқаро савдо ва инвестиция алоқаларини мустаҳкамлаш, меҳнат ҳуқуқлари соҳасидаги тараққиёт аҳоли учун реал манфаатлар келтирди. Халқаро молия институтлари Ўзбекистон иқтисодиётидаги ўзгаришлар кўлами ва камбағаллик даражасининг сезиларли қисқарганини қайд этмоқда.

Ўзбекистон модернизация йўлидан борар экан, минтақадаги алоқаларни янада мустаҳкамлаб, кенг кўламли халқаро ҳамкорлик тармоқларини ривожлантирмоқда. Ислоҳотлар, жумладан, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқлари ва самарали давлат бошқаруви соҳаларидаги ўзгаришларни изчил давом эттириш мамлакат фуқаролари учун ҳам, инвестицияларни жалб қилиш учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Биз геосиёсий беқарорлик даврида яшамоқдамиз. Янги хавфсизлик таҳдидлари ва халқаро қоидаларга асосланган тартиб учун жиддий муаммоларга гувоҳ бўлмоқдамиз.

Янги воқеликлар янги чақириқларни юзага келтирмоқда. Уларга самарали жавоб бериш учун Ўзбекистон билан бўлгани каби, ҳамкор давлатларимиз билан муносабатларни мустаҳкамлаш ва ҳамкорликни янада кенгайтиришимиз зарур.

– Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорлик кенгаймоқда. Айтингчи, ўзаро муносабатларда қайси қўшма лойиҳалар ёки ҳамкорлик йўналишлари муваффақиятли кечмоқда?

– Дарҳақиқат, сўнгги йилларда муносабатларимиз сезиларли даражада кенгайди. Келгуси йилларда ҳамкорлик алоқаларимиз янада ривожланишига ишончим комил.

2025 йил октябрь ойида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Брюсселга ташрифи чоғида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим (КШҲБ) имзоланди. Ушбу ҳужжат ўзаро манфаатли асосда ҳамкорлик қилишимиз учун ҳуқуқий асос яратмоқда. Мазкур битим сиёсий мулоқот, савдо ва инвестициялар, ўзаро боғлиқлик, барқарор ривожланиш, тадқиқот ва инновация, таълим, атроф-муҳит каби йўналишларда янги имкониятларни очиб беради.

Муҳим йўналиш сифатида савдо алоқалари кенгаймоқда. Биз Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини қўллаб-қувватлаймиз. Бозорга кириш бўйича икки томонлама музокараларнинг якунлангани бу жараёнда муҳим қадам бўлди.

Ўзбекистон Европа Иттифоқининг Умумлаштирилган имтиёзлар тизими – GSP+ доирасида импорт божларининг бекор қилинганидан фойдаланмоқда. Бу икки томонлама савдони рағбатлантириш билан бирга, инсон ҳуқуқлари, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, меҳнат ҳуқуқлари ва самарали давлат бошқарувини яхшилашга ҳам хизмат қилади.

Биз муҳим хомашё соҳасидаги стратегик шериклигимизни жадал ривожлантираяпмиз. Ушбу ҳамкорлик ҳар икки томонни янада хавфсиз ва барқарор, технологик жиҳатдан илғор маҳсулотлар билан таъминлашга ҳисса қўшиши мумкин. Унинг доирасида хомашё қиймат занжирларини Ўзбекистоннинг ўзида ривожлантириш ҳам қўллаб-қувватланади.

Транспорт соҳаси устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. Ўзбекистон Марказий Осиё билан Европани боғловчи муҳим алоқа йўли, минтақавий савдо учун муҳим тармоқ бўлган Транскаспий транспорт коридорини ривожлантиришда ҳал қилувчи ўрин тутади.

Энди биз КШҲБ имкониятларидан тўлиқ фойдаланиб, сиёсий шериклигимизни аниқ лойиҳалар, инвестициялар ва фуқаролар учун янги имкониятларга айлантиришимиз керак.

– Ўзбекистон ташқи сиёсатда яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратади. Сизнингча, ушбу ёндашув бугунги глобал муаммоларни ҳал этишга қай даражада ёрдам беради?

– Биз Ўзбекистоннинг Марказий Осиё доирасида минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги ролини юксак қадрлаймиз. Сўнгги йилларда бу борада салмоқли ютуқлар қўлга киритилди.

Айтиш жоизки, ҳозирда кўплаб муаммолар минтақавий хусусиятга эга ҳисобланади. Хусусан, бу борада сув ва энергетика ресурсларини бошқариш, транспорт ва рақамли ўзаро боғлиқлик, иқлим ўзгариши, чегараларни белгилаш, хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек ўқинг

Самарқандда бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммитида биз Марказий Осиё билан стратегик шерикликни йўлга қўйдик. Бу шериклик умумий қадрият ва манфаатларга, тинчлик, хавфсизлик, барқарор ривожланишга асосланган.

Шу билан бирга, транспорт, муҳим хомашё, сув, энергетика, иқлим, хавфсизлик ва халқлар ўртасидаги муносабатлар бўйича ҳамкорлик қилаяпмиз. Бу каби йўналишлар учун Европа Иттифоқининг “Глобал дарвоза” (Global Gateway) ташаббуси доирасида кўзда тутилган маблағ ҳажми 12 миллиард еврони ташкил қилади.

– Ўзбекистон иқтисодиётни модернизация қилиш, инвестицияларни жалб этиш, рақамли трансформация, инновация, таълим, фан ва инсон капиталини ривожлантиришга алоҳида эътибор бермоқда. Келгусида ушбу соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш учун қандай имконият мавжуд?

– Сиз айтган соҳалар ҳамкорлигимизнинг муҳим йўналиши ҳисобланади ва келгуси йилларда муносабатларимизни кенгайтириш учун яна кўплаб қўшма лойиҳаларни амалга оширишни мақсад қилганмиз.

Европа Иттифоқи ишончли ва узоқ муддатли ҳамкордир. Биз умумий манфаат ва қадриятлар асосида алоқаларимизни мустаҳкамлаш ва иқтисодий ҳамкорлигимизни чуқурлаштиришга қатъий бел боғлаганмиз.

Бизнинг шериклигимиз оддий мулоқотдан анча кенг тушунчадир. “Глобал дарвоза”, “Европа жамоаси” каби ташаббус ва қўшма лойиҳаларнинг тобора кенгайиб бораётгани умумий мақсад ва интилишларимизни белгиламоқда.

“Глобал дарвоза” доирасидаги инвестициялар узоқ муддатли барқарор ривожланиш ва иқтисодий барқарорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Биз транспорт, муҳим хомашё, сув ва энергетика йўналишларида ҳамкорликни кенгайтираяпмиз.

2024 йилда Европа Иттифоқи – Марказий Осиё транспорт соҳасидаги инвесторлар биринчи форумида Транскаспий транспорт коридорини ривожлантириш учун 10 миллиард евро миқдорида маблағ ажратиш мажбурияти олинган эди. 2025 йил охирига келиб, ушбу маблағнинг тахминан 2,5 миллиард евроси аниқ лойиҳалар учун белгиланди.

Муҳим хомашё соҳасидаги ҳамкорлигимиз доирасида маҳаллий қиймат яратиш, технологик ривожланиш ва янада барқарор таъминот занжирларини шакллантириш қўллаб-қувватланади. 2025 йил апрель ойида Самарқандда ўтказилган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммитида “Глобал дарвоза” инвестиция пакети доирасида умумий қиймати 2,5 миллиард евро бўлган муҳим хомашё лойиҳалари портфели эълон қилинди.

Марказий Осиёда сув, энергетика ва иқлим бўйича “Европа жамоаси” ташаббуси доирасида ушбу соҳалардаги лойиҳаларнинг умумий қиймати ҳозирда тахминан 4,8 миллиард еврони ташкил этади. Европа Иттифоқи томонидан қўллаб-қувватланаётган лойиҳалар қаторига Тошкент, Қашқадарё ва Фарғона вилоятларида ичимлик суви таъминоти дастури ҳамда Саримай қуёш электр станциясини қуриш лойиҳаси ҳам киради.

Биз “C4CA” дастури орқали рақамли ўзаро боғлиқликка инвестиция киритмоқдамиз. Ушбу дастур АКТ сиёсати, тартибга солиш ва салоҳиятни ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга қаратилган 20 миллион евролик минтақавий дастурдир.

Бундан ташқари, хизматлар етарли даражада ёки умуман кўрсатилмайдиган ҳудудларда сунъий йўлдош алоқасини жорий этиш учун 60 миллион евро миқдорида инфратузилма инвестицияси амалга оширилмоқда.

Рақамли ўзаро боғлиқлик айниқса муҳим. Хавфсиз ва ишончли инфратузилма олис ҳудудлардаги аҳоли, мактаблар, шифохоналар ва давлат хизматларини ўзаро боғлаши ҳамда замонавий иқтисодиётни ривожлантиришга кўмаклашади.

Таълим, тадқиқот ва инновациялар ҳам муҳим аҳамиятга эга. Биз “Erasmus+” ва “Horizon Europe” каби дастурлар орқали ҳамкорликни кенгайтириш ва таълим, илмий-тадқиқот муассасалари ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришга қатъий бел боғлаганмиз. Билим, кўникмалар ва инсон капиталига инвестиция киритиш Ўзбекистоннинг узоқ муддатли рақобатбардошлигини таъминлаш учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.

– Келажакка назар ташлайдиган бўлсак, кейинги 10–15 йил ичида Ўзбекистонни қандай тасаввур қиласиз? Сизнингча, мамлакатнинг халқаро мавқеини янада оширишда қайси омиллар муҳим роль ўйнайди?

– Ўзбекистон замонавий транспорт, энергетика ва рақамли тармоқлар орқали Марказий Осиёни Европа ва бошқа бозорлар билан боғлашда тобора муҳим ҳудудга айланиб бораяпти. Энг муҳими, бу борадаги саъй-ҳаракатлар жадал амалга оширилмоқда.

Иқтисодий ислоҳотларни изчил давом эттириш, халқаро савдога янада интеграциялашув, хусусий секторни ривожлантириш ва Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш иқтисодий ўсиш ва диверсификацияни янада юксалтиради.

Шу билан бирга, мамлакатда янги технологияларни ўзлаштириш, саноатни модернизация қилиш ва замонавий касбий кўникмаларни ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Бу жараёнда таълим, илм-фан, инновациялар ва ёшларга сармоя киритиш алоҳида аҳамиятга эга. Зеро, айнан шу соҳаларга йўналтирилган инвестициялар аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш