Рамона Николь Мэнеску: Ўзбекистон ёшлари давлатнинг энг муҳим ресурсларидан биридир

Август 17, 2026. 11:30 • 3 дақ

67
Рамона Николь Мэнеску: Ўзбекистон ёшлари давлатнинг энг муҳим ресурсларидан биридир

БУХАРЕСТ, 17 август. /“Дунё” АА/. Руминиянинг собиқ ташқи ишлар вазири, Ўзбекистон фахрий консули Рамона Николь Мэнеску мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали юртдошларимизга ўзининг самимий табриги ва эзгу тилакларини йўллади.

– Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги нафақат мамлакат эришган ютуқларни нишонлаш, балки у бошидан кечирган муҳим ўзгаришларни мушоҳада этиш учун ҳам алоҳида аҳамиятга эгадир.

Ўзбекистон ўз суверенитети ва миллий ўзлигини мустаҳкамлаб, босқичма-босқич дунёга ўз қудратини кўрсатмоқда. Бу борада сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотларга назар ташлаш кифоя. Иқтисодиётни эркинлаштириш, сармоявий муҳитни такомиллаштириш, инфратузилмани модернизация қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш Ўзбекистоннинг минтақавий ва жаҳон миқёсидаги мавқеини сезиларли даражада оширди.

Руминия ва Ўзбекистонни ўзаро ҳурмат ва ўттиз йилдан зиёд тарихга асосланган муносабатлар боғлаб туради. Руминия Ўзбекистон мустақиллигини 1991 йил 20 декабрда тан олган, мамлакатларимиз ўртасидаги дипломатик алоқалар эса 1995 йил 6 октябрда расман ўрнатилган.

Мамлакатларимиз иқтисодиётлари қатор муҳим йўналишларда бир-бирини тўлдиради. Энергетика, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги, фармацевтика, саноат ишлаб чиқариши, технологиялар, таълим ва логистика каби соҳаларда улкан салоҳият мавжуд. Ушбу йўналишларда Руминия ва Ўзбекистон компаниялари, ишбилармон доиралари ҳамда сармоядорлари ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантириш зарур.

Руминия Констанца порти ва Европа Иттифоқига аъзо давлат мақоми туфайли Ўзбекистон учун Европа бозорларига чиқишнинг муҳим йўлини тақдим этиши мумкин. Айни пайтда Ўзбекистон Марказий Осиёнинг тобора муҳим иқтисодий марказига айланиб бормоқда.

Шу боис, Марказий Осиё ва Европа ўртасида янада самарали транспорт ва савдо йўлакларини ривожлантириш келгусидаги иқтисодий ҳамкорлигимизнинг асосий йўналишларидан бирига айланиши мумкин.

Муносабатларимиз тобора кенгайиб бормоқда. Руминияда Ўзбекистон элчихонасининг очилиши яқин шерикликнинг навбатдаги қадами бўлишига умид қиламан. Руминияда бу қарор жуда ижобий қабул қилинган бўлар эди. Бухарестдаги доимий дипломатик ваколатхона халқларимиз ўртасидаги сиёсий мулоқот, иқтисодий дипломатия, маданий алмашинувлар, таълим соҳаси ва гуманитар алоқаларга қўшимча туртки бағишлайди.

Иқтисодий жиҳатдан жадал ривожланаётган Марказий Осиё минтақасининг Европа билан ҳамкорлик қилиши минтақаларимизни боғлайдиган транспорт, энергетика ва савдо йўлакларини ривожлантириш учун янги имкониятлар яратади.

Шунингдек ўқинг

Тобора мураккаблашиб бораётган бугунги кунда бошқа мамлакатлар билан ҳамкорликни кенгайтириш алоҳида аҳамиятга эга. Ўйлайманки, бу борада Ўзбекистоннинг роли тобора ортиб бораяпти.

Ўзбекистоннинг ёш авлоди давлатнинг энг муҳим ресурсларидан биридир. Таълим, касбий тайёргарлик, илмий тадқиқотлар, технологиялар ва тадбиркорликка киритилган сармоялар мамлакатнинг узоқ муддатли рақобатбардошлиги учун фундаментал аҳамиятга эга бўлади. Руминия бу жараёнда Ўзбекистоннинг яқин ҳамкорига айланиши мумкин.

Руминия ва Ўзбекистон университетлари, илмий-тадқиқот муассасалари ва технологик компаниялари ўртасида, айниқса, муҳандислик, рақамли технологиялар, сунъий интеллект, киберхавфсизлик, энергетика, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва соғлиқни сақлаш каби соҳаларда ҳамкорлик қилиш учун катта салоҳият мавжуд.

Ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш, технология ва ноу-хауларни татбиқ қилиш, маҳаллий салоҳиятни ривожлантириш, малакали иш ўринларини яратиш ҳамда янги бозорларга чиқишга кўмаклашадиган сармоялар юқори қийматга эга бўлади.

Барқарор ривожланишнинг аҳамияти ҳам тобора ортиб бормоқда. Иқтисодий ўсиш табиий бойликлар, сув ва энергия ресурсларини масъулият билан бошқариш, экологик тоза технологиялар ва янада самарали инфратузилмага сармоя киритиш билан бирга кечиши лозим.

Ўзбекистоннинг асосий ресурси – унинг халқидир. Ёш, билимли, тадбиркор ва дунё учун очиқ авлод мамлакат тараққиётининг кейинги босқичидаги ҳаракатлантирувчи кучга айланиши мумкин.

Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон халқи ва раҳбариятига энг эзгу тилакларимни йўллайман. Юртингизда доимо тинчлик ва фаровонлик ҳукм суришини тилайман.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш