“Travel Tomorrow”: Ўзбекистон сайёҳлик йўналишлари ва инфратузилмасини кенгайтирмоқда

Август 17, 2026. 10:28 • 2 дақ

35
“Travel Tomorrow”: Ўзбекистон сайёҳлик йўналишлари ва инфратузилмасини кенгайтирмоқда

БРЮССЕЛЬ, 17 август. /“Дунё” АА/. Бельгиянинг нуфузли “Travel Tomorrow” нашрида Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Бош муҳаррир Антонио Бускардинининг тижорат платформасида эълон қилинган мақолада ёзилишича, Ўзбекистон туризм соҳасида юқори ўсиш суръатларини намоён этмоқда. 2026 йилнинг биринчи ярмида мамлакатга туристик мақсадларда 6,5 миллион нафардан зиёд сайёҳ ташриф буюрди. Бу кўрсаткич 2025 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 1,3 миллион нафарга кўпдир.

Мазкур натижа Ўзбекистоннинг 2030 йилга бориб ҳар йили 20 миллион нафар хорижий сайёҳни жалб қилиш мақсади сари изчил ҳаракат қилаётганини кўрсатади. Туристлар оқимининг ортиши мамлакатда меҳмонхона инфратузилмасини ривожлантириш, транспорт имкониятларини кенгайтириш ва янги туристик йўналишларни яратишга қаратилган ислоҳотлар самараси билан ҳам боғлиқ.

Нашрда таъкидланишича, Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистондан келган сайёҳлар умумий сони қарийб 4,9 миллион нафарни ташкил этган. Бу Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги яқин туристик алоқалар Ўзбекистон туризм индустриясида муҳим ўрин тутишини кўрсатади. Айни пайтда Хитой ҳам мамлакат учун истиқболли халқаро туристик бозорлардан бири сифатида ўз мавқеини мустаҳкамламоқда.

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистонда туризмни иқтисодиётнинг етакчи тармоқларидан бирига айлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада янги меҳмонхона лойиҳалари амалга оширилмоқда, туристик ҳудудларни ривожлантириш бўйича мастер-режалар ишлаб чиқилмоқда, транспорт инфратузилмаси модернизация қилинмоқда ҳамда сайёҳларга кўрсатиладиган хизматлар сифати яхшиланаяпти.

Эътиборли жиҳати, Ўзбекистон туризм таклифларини фақат тарихий ва маданий мерос билан чеклаб қўймаяпти. Самарқанд, Бухоро, Хива каби қадимий шаҳарларнинг туристик салоҳияти билан бир қаторда, экологик, гастрономик, зиёрат, тиббий, спорт ва MICE-туризм йўналишлари ҳам жадал ривожлантирилмоқда.

Халқаро авиақатновларнинг кенгайиши, визавий тартибларнинг соддалаштирилиши ва туристик инфратузилмага инвестицияларнинг ортиши ҳам соҳанинг ривожига хизмат қилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш