Руминиянинг машҳур реалити-шоуси янги мавсумини юртимизда суратга олди

Май 21, 2026. 11:55 • 2 дақ

77
Руминиянинг машҳур реалити-шоуси янги мавсумини юртимизда суратга олди
Руминиянинг машҳур реалити-шоуси янги мавсумини юртимизда суратга олди
Руминиянинг машҳур реалити-шоуси янги мавсумини юртимизда суратга олди
Руминиянинг машҳур реалити-шоуси янги мавсумини юртимизда суратга олди

БУХАРЕСТ, 21 май. /“Дунё” АА/. Руминиянинг машҳур “Asia Express – Drumul Mătăsii” (Осиё экспресси – Ипак йўли) телевизион лойиҳасининг 9-мавсуми Ўзбекистон ҳудудида суратга олинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

“Ипак йўли” мавзусига бағишланган ушбу мавсумда Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари, бой маданий мероси, анъанавий меҳмондўстлиги, шарқона бозорлари ва замонавий ҳаёти Европа аудиториясига кенг намойиш этилади.

“Asia Express” Руминияда энг юқори рейтингга эга саргузашт-реалити кўрсатувларидан бири ҳисобланади. Лойиҳанинг бу йилги мавсумида Руминия телевидениеси, мусиқа, спорт, мода ва рақамли медиа соҳаларида танилган 18 нафар инфлюенсер ва машҳур шахслар иштирок этди.

Иштирокчилар орасида миллионлаб кузатувчиларга эга Лоредана Киву (Loredana Chivu), Мирела Вайда (Mirela Vaida), Челу (Cheloo), Морис Мунтяну (Maurice Munteanu) ва Габи Торже (Gabi Torje) каби таниқли номлар бор. Улар нафақат телевизион эфир орқали, балки ўзларининг ижтимоий тармоқларида ҳам Ўзбекистон ҳақидаги мазмунли ва жозибадор контентларни кенг тарғиб қилмоқда.

Лойиҳа давомида иштирокчилар маҳаллий аҳоли билан бевосита мулоқотда бўлиб, миллий таомлар, тарихий обидалар ва халқимизнинг кундалик турмуш тарзи билан яқиндан танишди. Реалити-шоу формати Ўзбекистонни оддий сайёҳлик йўналиши эмас, балки тирик, очиқ ва маданий жиҳатдан бой мамлакат сифатида намойиш этиш имконини берди.

Бу каби йирик медиа лойиҳанинг амалга оширилиши Европа бозорида Ўзбекистонга бўлган қизиқишнинг ортиб бораётганини кўрсатади. Статистик маълумотларга кўра, 2025 йилда Руминиядан Ўзбекистонга 3 234 нафар сайёҳ ташриф буюрган бўлса, 2026 йилнинг биринчи чорагида бу кўрсаткич 1509 нафарни ташкил этган.

Ўзбекистонда суратга олинган махсус лавҳалар 2026 йил сентябрь ойида Европа телеканалларида эфирга узатилиши режалаштирилмоқда. Бу эса мамлакатимизнинг Ипак йўлидаги етакчи туристик йўналиш сифатидаги нуфузини янада мустаҳкамлаш ҳамда Европа давлатларидан келаётган сайёҳлар оқимини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш