Япониянинг Нарита шаҳридаги кўргазмада Ўзбекистоннинг туризм ва маданий салоҳияти намойиш этилди
Май 21, 2026. 11:25 • 2 дақ
• 49НАРИТА, 21 май. /“Дунё” АА/. Япониянинг Нарита шаҳрида “Narita Airport Anniversary Fair 2026” ярмаркаси бўлиб ўтди , деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон элчихонаси ушбу тадбирда илк бор алоҳида миллий стенд билан қатнашди. Ташкилотчиларнинг маълумотига кўра, кун давомида ярмаркага 43,5 мингдан зиёд киши ташриф буюрган.
Ўзбекистон стендида миллий ҳунармандчилик намуналари, жумладан, кулолчилик, каштадўзлик ва ёғоч ўймакорлиги буюмлари, шунингдек, атлас ва адрасдан тикилган миллий либослар намойиш этилди. Ташриф буюрувчиларга мамлакатнинг туризм салоҳиятига бағишланган ахборот материаллари ҳам тақдим этилди.
Тадбир меҳмонларига Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарлар, Ўзбекистоннинг бой маданий-тарихий мероси, миллий анъаналари ҳамда замонавий сайёҳлик инфратузилмаси ҳақида сўзлаб берилди.
Дастур доирасида мусиқий ва рақс чиқишлари ҳамда театрлаштирилган томошалар бўлиб ўтди. Ташриф буюрувчиларда, айниқса, миллий либосларни кийиб кўриш ҳамда Ўзбекистон ҳақидаги сайёҳлик хариталари ва тақдимот материаллари билан танишиш имконияти катта қизиқиш уйғотди.
Ўзбекистон миллий стенди ярмарканинг япониялик ва хорижлик меҳмонларида катта қизиқиш уйғотди ва уларнинг кўпчилиги мамлакат ҳамда унинг туризм салоҳияти ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди.
“Nippon Cargo Airline” компанияси ходими Миято Нарияма:
- Мен Тошкентга 2025 йилнинг ноябрида борган эдим. Мовий кошинлар билан безатилган тарихий обидалар ва ўзбек халқининг меҳмондўстлиги менда катта таассурот қолдирди. Гарчи ўзбек тилида сўзлашмасам-да, одамлар менга жуда самимий муносабатда бўлишди. Ўшанда Самарқандга боришга улгурмагандим, шу сабабли яқин келажакда Ўзбекистонга яна келишни режалаштиряпман. Айтганча, миллий таомларингиз ҳам жуда мазали экан.
“Orange Inc.” компаниясининг бош ижрочи директори Харуна Юка:
- Илгари Ўзбекистон менга олис ва нотаниш бир мамлакат бўлиб туюларди. Бироқ бугун намойиш этилган ўзбек ипак маҳсулотлари ҳамда миллий амалий санъат намуналари мамлакатингиз маданияти ва анъаналари билан яқиндан танишишимга ёрдам берди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

“Travel World”: Ҳиндистон Ўзбекистон туризм соҳасининг ўсиши учун асосий стратегик бозор ҳисобланади










