Қўқоннинг ЮНЕСКО “MIL Cities” ташаббусига қўшилиш масаласи кўриб чиқилди
Июль 13, 2026. 08:10 • 2 дақ
• 5ПАРИЖ, 13 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО ҳузуридаги Доимий ваколатхонаси кўмагида Қўқон шаҳрининг ЮНЕСКОнинг “Медиа ва ахборот саводхонлиги шаҳарлари” (MIL Cities) ташаббусига қўшилиш истиқболларига бағишланган онлайн учрашув ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқотда ЮНЕСКОнинг Коммуникация ва ахборот сектори вакиллари, Қўқон шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Миллий комиссияси, ЮНЕСКОнинг Тошкентдаги ваколатхонаси ҳамда Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО ҳузуридаги Доимий ваколатхонаси мутасаддилари иштирок этди.
ЮНЕСКОнинг “MIL Cities” ташаббуси шаҳарлар даражасида медиа ва ахборот саводхонлигини ривожлантириш, аҳолининг ахборотни танқидий баҳолаш кўникмаларини ошириш, рақамли технологиялардан хавфсиз ва масъулиятли фойдаланишни таъминлаш, ёлғон ахборот ва дезинформацияга қарши барқарорликни шакллантиришга қаратилган.
Учрашув давомида Қўқон шаҳрининг мазкур халқаро ташаббусда иштирок этишга бўлган қизиқиши эътироф этилди. Таъкидланганидек, бой тарихий-маданий мероси, таълим анъаналари ва фаол жамоат ҳаётига эга бўлган Кўқон учун “MIL Cities” ташаббуси рақамли кўникмаларни ривожлантириш, ёшларнинг ахборот маданиятини ошириш ва маҳаллий ҳамжамиятларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтириш учун муҳим аҳамиятга эга.
Шаҳарнинг ушбу ташаббус доирасидаги иштироки таълим муассасалари, кутубхоналар, музейлар, оммавий ахборот воситалари, ёшлар ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтларини ягона мақсад атрофида бирлаштиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Иштирокчилар Қўқон шаҳрида медиа ва ахборот саводхонлигини ривожлантириш бўйича махсус Ҳаракат режасини ишлаб чиқиш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Мазкур режа доирасида шаҳар ҳокимлиги, таълим ва маданият муассасалари, кутубхоналар, музейлар, оммавий ахборот воситалари ва бошқа манфаатдор томонларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш кўзда тутилмоқда.
Қўқон шаҳрининг ҳар йили 24–31 октябрь кунлари ўтказиладиган Глобал медиа ва ахборот саводхонлиги ҳафталиги ҳамда 31 октябрь — Бутунжаҳон шаҳарлар куни доирасидаги тадбирларда иштирок этиш истиқболлари кўриб чиқилди.
Суҳбат давомида Ўзбекистон ва ЮНЕСКО томони мазкур йўналишдаги ҳамкорликни давом эттириш, Ҳаракат режасини тайёрлаш, ҳамкорлар доирасини белгилаш ва амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш бўйича фикр-мулоҳаза алмашди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

