Тошкентда Исроиллик таниқли нейрохирург иштирокида малака ошириш курслари ўтказилди
Июль 11, 2026. 11:00 • 2 дақ
• 68
ТОШКЕНТ, 11 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси ташаббуси билан таниқли исроиллик болалар нейрохирурги, Гилберт номидаги Халқаро нейрофиброматоз маркази директори, Осиё–Австралазия нейрохирурглар жамияти (AASNS) президенти, профессор Шломи Константини Ўзбекистонга ташриф буюрди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф дастури доирасида профессор болалар нейрохирургиясининг долзарб йўналишларига бағишланган малака ошириш курсини ўтказди. Машғулотлар давомида гидроцефалия, бош мия ўсмалари, бош мия жароҳатлари ҳамда бошқа нейрохирургик касалликларни замонавий ташхислаш ва жарроҳлик йўли билан даволашнинг илғор ёндашувлари муҳокама қилинди.
Профессор Миллий болалар тиббиёт марказида ўзбекистонлик шифокорлар билан биргаликда беморларни кўрикдан ўтказиб, мураккаб клиник ҳолатларни кўриб чиқди ва келгусидаги даволаш тактикаси бўйича ўз тавсияларини берди.
Шломи Константини Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Болалар нейрохирургияси ва неврологияси” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этди. Анжуманда у замонавий болалар нейрохирургиясининг энг долзарб йўналишларига бағишланган маърузалар билан иштирокчиларга мурожаат қилди.
Ташриф якунида профессор Миллий болалар тиббиёт марказининг салоҳиятини юқори баҳолади ҳамда Ўзбекистон ва Исроилнинг етакчи болалар тиббиёт муассасалари ўртасида узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси