Саудия матбуоти: Ўзбекистон терма жамоаси Жаҳон чемпионатида катта тажриба орттирди
Июль 12, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 82
АР-РИЁЗ, 12 июль. /“Дунё” АА/. Саудиянинг “Ash-Sharq al-Avsat” ахборот агентлигида футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг жаҳон чемпионатидаги иштирокига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада ёзилишича, Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи, италиялик мутахассис Фабио Каннаваро жамоаси мусобақадаги иштирокини муддатидан аввал якунлаганига қарамай, АҚШ, Мексика ва Канадада бўлиб ўтаётган Жаҳон чемпионатида катта тажриба орттирган.
Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳ босқичининг иккинчи туридан сўнг Португалияга 0:5 ҳисобида мағлуб бўлиб, плей-оффга чиқиш имкониятини қўлдан бой берди. Бундан аввал, турнирнинг очилиш ўйинида ўзбекистонликлар Колумбия терма жамоасига 1:3 ҳисобида ютқазиб қўйган эди.
Нашрда қайд этилишича, Фабио Каннаваро шогирдлари дунёнинг энг кучли жамоаларига қарши муносиб равишда баҳс олиб борган. Мураббийнинг сўзларига кўра, оғир мағлубиятга қарамай, бу ўйин футболчилар учун жамоанинг келгуси ривожланишига ёрдам берадиган муҳим тажриба бўлган.
Шунингдек, мураббий эндиликда асосий эътибор мағлубиятдан сўнг футболчиларнинг психологик ҳолатига қаратилишини таъкидлади. Жамоа бош мураббийи Фабио Каннаваро “Мен ўз футболчиларим билан фахрланаман. Улар яхши ўйнади”, дея баёнот берган.
Мақолада таъкидланишича, таниқли спорт мутахассислари ҳам дебютантларни койишга ҳожат йўқлиги, улар жасорат билан ўйнагани ва мусобақа фаворитларга қарши футболдан завқ олганини қайд этган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси