Қорақалпоғистонда Покистон тажрибаси асосида картошка етиштирилади

Июль 10, 2026. 15:00 • 2 дақ

96
Қорақалпоғистонда Покистон тажрибаси асосида картошка етиштирилади

ЛАҲОР, 10 июль. /“Дунё” АА/. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Фарҳод Эрманов ва Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев бошчилигидаги делегацияси Покистонга ташрифи доирасида Окара туманидаги картошка етиштиришга ихтисослашган фермер хўжалиги раҳбари Рауд Саад Ажман билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот давомида Қорақалпоғистонда Покистоннинг илғор тажрибасини жорий этиш орқали юқори ҳосилли ва сифатли картошка навларини етиштириш, соҳада замонавий агротехнологияларни қўллаш ҳамда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Покистон томонига Қорақалпоғистон ҳудудида картошка етиштириш бўйича қўшма инвестиция лойиҳасини амалга ошириш таклифи билдирилди. Рауд Саад Ажман мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

“Ушбу лойиҳа мамлакатларимиз ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги шерикликни янги босқичга олиб чиқиш, илғор технологиялар ва тажрибалар алмашинувини кенгайтиришга хизмат қилади”, – деди у.

Шунингдек ўқинг

Музокаралар давомида лойиҳани амалга ошириш учун покистонлик ҳамкорга Қорақалпоғистондан зарур ер майдони ажратилиши маълум қилинди.

Шунингдек, экиш ишларида фойдаланиладиган юқори сифатли уруғлик картошка Нидерландиядан олиб келиниши, июль–август ойларида иккинчи мавсум экиш ишлари бошланиши муносабати билан Рауд Саад Ажманнинг жорий йил июль ойида Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш бўйича ҳам келишувга эришилди.

Учрашув якунида Қорақалпоғистонда Покистон тажрибаси асосида картошка етиштириш бўйича Ҳамкорлик битими имзоланди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш