Ўзбекистон қамоқда сақлаш жойларини бошқариш бўйича жаҳон тажрибасини ўрганмоқда

Июнь 25, 2026. 10:30 • 4 дақ

51
Ўзбекистон қамоқда сақлаш жойларини бошқариш бўйича жаҳон тажрибасини ўрганмоқда

ТОШКЕНТ, 25 июнь. /“Дунё” АА/. Кеча пойтахтимиздаги Инсон ҳуқуқлари уйида “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартлар ва қамоқда сақлаш жойларини бошқаришнинг илғор амалиёти” мавзусидаги уч кунлик тренинг якунланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тренинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази (ИҲММ), Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЙХҲТ) Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ҳамда Ички ишлар вазирлигининг қўшма лойиҳаси доирасида, Буюк Британия пойтахт полицияси хизматининг кўмаги ва бевосита иштирокида ташкил этилди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур Пойтахт полицияси хизмати Буюк Британиядаги энг йирик полиция бўлинмаси бўлиб, Лондонда ҳуқуқ-тартиботни сақлаш учун масъулдир. У 1829 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда унинг таркибида 40 мингдан ортиқ ходим бор. Бу хизмат Лондонда жамоат тартибини сақлашдан ташқари, терроризмга қарши курашиш ва қироллик оиласи аъзоларини қўриқлаш каби бир қатор умуммиллий вазифаларни ҳам бажаради.

Тренинг давомида асосий эътибор тергов ҳибсхоналарида ишлайдиган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг қийноқларнинг олдини олиш ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларга риоя этиш бўйича салоҳиятини оширишга қаратилди.

Тадбирнинг очилишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов, ЙХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори офисининг лойиҳалар бўйича халқаро маслаҳатчиси Эндрю Юрковски, ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти бошлиғининг биринчи ўринбосари Мансур Сатторов, БМТнинг Қийноқларнинг олдини олиш бўйича қуйи қўмитаси раисининг ўринбосари, “Тараққиёт ва адолат” халқаро маркази раиси Элина Штейнарте сўзга чиқди.

Акмал Саидов қийноқ ва шафқатсиз муомалани тақиқлаш инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларда ҳам, миллий қонунчиликда ҳам эътироф этилган асосий ҳуқуқлардан бири эканини таъкидлади. У янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясида қийноққа солиш ҳар қандай ҳолатда ва ҳеч қандай истисноларсиз тақиқланганини алоҳида қайд этди.

Акмал Саидов таъкидлаганидек, миллий қонунчиликка Нелсон Мандела қоидалари изчил жорий этилмоқда, маҳбусларнинг ҳуқуқлари доираси кенгайтирилмоқда, эҳтиёт чорасини қўллаш ва қамоқда сақлаш муддатлари эса қисқартирилмоқда.

Шунингдек ўқинг

Тренинг давомида иштирокчилар қийноқлар ва шафқатсиз муомаланинг олдини олишнинг халқаро-ҳуқуқий ва миллий меъёрий асослари – БМТнинг Қийноқларга қарши конвенцияси, унинг Факультатив протоколи ва қамоқда сақланаётган шахсларни ҳимоя қилишнинг асосий кафолатлари билан танишдилар. Бу масалаларни ИҲММ Халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Иқболбек Абдумажидов ҳамда қамоқхоналар ислоҳоти ва инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро маслаҳатчи, Халқаро пенитенциар жамғармаси вакили Азамат Шамбилов ёритиб берди.

Метрополитан полицияси (Лондон) вакиллари Филип Майкл Эндрюс ва Жон Нортон Дантурн қамоқда сақлаш ва вақтинча сақлаш жойларига оид инсон ҳуқуқлари стандартлари, шунингдек, ҳибсга олинган пайтдан бошлаб амал қиладиган асосий кафолатлар: адвокат билан учрашиш, тиббий ёрдам олиш, қариндошларини хабардор қилиш, рўйхатга олиш ва ҳужжатлаштириш, қолаверса, қамоқда сақлаш жойларида бошқарув ва ҳисобдорлик механизмларини батафсил ёритиб берди.

Тренингда ҳибсга олинганларнинг заиф тоифалари, гендерга оид ёндашувлар ва тиббий кафолатлар масалалари алоҳида ўрин эгаллади. Шунингдек, БМТнинг Бангкок қоидалари ва қамоқда сақлаш шароитида гендерга оид ёндашув масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Иштирокчилар ҳибсга олинганларнинг заиф тоифаларини – аёллар, болалар ва вояга етмаганлар, ногиронлиги бўлган шахслар, чет эл фуқаролари ва руҳий касалликларга чалинган шахсларни аниқлаш ҳамда улар билан ишлашнинг ўзига хос хусусиятларини ўргандилар. Олинган билимлар гуруҳ тақдимотлари ва фикр алмашинувлар давомида мустаҳкамланди.

Шунингдек, “Қамоқда сақлаш жойларида тиббий кўрик ва ҳужжатлаштириш тартиб-таомиллари қийноқ ва шафқатсиз муомаланинг олдини олиш ҳамда аниқлаш воситаси сифатида” мавзуси кўриб чиқилди. Қамоқда сақлаш жойларига жойлаштиришдан олдин мажбурий тиббий кўрикдан ўтказишга оид Ўзбекистондаги сўнгги қонунчилик ва процессуал ўзгаришларнинг халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлаш борасидаги ишлар таҳлил қилинди.

Амалий машғулотлар доирасида иштирокчилар қамоқда сақлаш шароитида тиббий хавф-хатарлар ва инсон ҳуқуқлари бузилиши таҳдидларига нисбатан чора кўриш кўникмаларига оид тамойилларни ишлаб чиқдилар.

Тренинг якунида мавзу юзасидан савол-жавоблар ўтказилди, кўтарилган масалалар сарҳисоб қилинди ва фикр алмашилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш