Венесуэлада камида 32 кишининг ҳаётига зомин бўлган икки кучли зилзиладан сўнг фавқулодда ҳолат эълон қилинди

Июнь 25, 2026. 10:45 • 3 дақ

87
Венесуэлада камида 32 кишининг ҳаётига зомин бўлган икки кучли зилзиладан сўнг фавқулодда ҳолат эълон қилинди
“Reuters” агентлиги сурати

КАРАКАС, 25 июнь. /“Дунё” АА/. Венесуэла ҳукумати 24 июнь куни кечқурун тахминан бир дақиқа фарқ билан содир бўлган 7,2 ва 7,5 магнитудали икки кучли зилзиладан сўнг фавқулодда ҳолат эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “AP” агентлигига таяниб.

Венесуэла президенти вазифасини бажарувчи Дельси Родригеснинг бугун эрталаб маълум қилишича, табиий офат оқибатида камида 32 киши ҳалок бўлган, 700 га яқин киши жароҳатланган. Унинг сўзларига кўра, қидирув-қутқарув ишлари давом этиши билан қурбонлар сони ортиши мумкин.

Давлат раҳбари сўзларига кўра, энг жиддий зарар денгизбўйи штати бўлган Ла-Гуайрага етган. “Ўнлаб бинолар қулаб тушган ва биз ҳозирча қутқариш мумкин бўлган инсонлар ҳаётини сақлаб қолишдек оғир вазифа билан шуғулланмоқдамиз”, – дея баёнот берди у.

Зилзилалар маҳаллий вақт билан соат 18:00 дан сал ўтиб (Тошкент вақти билан 25 июнь, соат 03:00) содир бўлган. АҚШ Геология хизмати маълумотларига кўра, 7,2 магнитудали биринчи ерости силкиниши мамлакатнинг Кариб денгизи соҳилида, Каракасдан тахминан 168 километр узоқликда, 22 километр чуқурликда қайд этилган. Бир дақиқадан сўнг 10 километр чуқурликда 7,5 магнитудали иккинчи зилзила рўй берган.

Дельси Родригес мамлакатнинг бир неча штатида вайронагарчиликлар бўлганини хабар қилди. Каракас яқинидаги Симон Боливар номидаги халқаро аэропорт жиддий шикастлангани сабабли ёпилди. Шунингдек, пойтахтда метро иши ва табиий газ таъминоти тўхтатиб қўйилди. Таълим вазирлиги бир неча кунга дарслар бекор қилинишини, айрим мактаб биноларидан вақтинчалик бошпана ва гуманитар ёрдам йиғиш пунктлари сифатида фойдаланилишини эълон қилди.

Шунингдек ўқинг

Фалкон штати губернатори Виктор Кларк зилзиладан бир неча соат ўтиб, 32 киши шифохонага ётқизилгани ва 15 киши вайроналар остида қолаётганини маълум қилди.

Бир қатор туманларда биноларнинг қулаши, электр узатиш линияларининг шикастланиши ҳамда электр энергияси ва мобил алоқада узилишлар кузатилди. Ҳукумат фуқароларни такрорий силкинишлар хавфи туфайли хотиржамликни сақлашга ва бинолар ташқарисида қолишга чақирди.

Зилзилалар Венесуэла бўйлаб, шунингдек, Колумбия ва Бразилиянинг бир қатор шаҳарларида ҳам сезилди. АҚШ, Аргентина, Бразилия, Эквадор, Мексика, Панама, Уругвай ва Жанубий Американинг бошқа мамлакатлари Венесуэлага ёрдам кўрсатишга тайёр эканини маълум қилди.

Таъкидлаш жоизки, Венесуэла бир нечта тектоник ёриқлар яқинида жойлашган бўлса-да, мамлакатда кучли зилзилалар нисбатан кам содир бўлади. АҚШ Геология хизмати маълумотларига кўра, Лотин Америкасидаги зилзилаларнинг аксарияти Тинч океани олов ҳалқаси бўйлаб юз беради ва бу дунёдаги барча зилзилаларнинг қарийб 90 фоизини ташкил этади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш