“Самарқанд нигоҳи – 2040” БМТ Бош Ассамблеясининг расмий ҳужжати сифатида қабул қилинди

Октябрь 29, 2026. 21:00 • 3 дақ

• 120
“Самарқанд нигоҳи – 2040” БМТ Бош Ассамблеясининг расмий ҳужжати сифатида қабул қилинди

ТОШКЕНТ, 29 октябрь. /“Дунё” АА/. Жорий йил 28–29 сентябрь кунлари юртимизда бўлиб ўтган Инсон ҳуқуқлари бўйича

V Самарқанд форумининг “Самарқанд нигоҳи – 2040: инсон қадр-қиммати, тенглик ва барқарор тараққиёт йўлидаги глобал ҳамкорлик” номли якуний ҳужжати БМТ Бош Ассамблеяси 81-сессиясининг расмий ҳужжати (А/81/444) сифатида қабул қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ҳужжат БМТнинг олтита расмий тилида: инглиз, араб, испан, хитой, рус ва француз тилларида эълон қилинган.

Якуний ҳужжат муқаддима, олти бўлим ва 24 банддан иборат бўлиб, унинг ижроси учун “Йўл харитаси” илова қилинган. Муқаддимада Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги ҳамда Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактларнинг 60 йиллиги, Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларациянинг 40 йиллиги ҳамда Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг 20 йиллиги саналарининг муҳим аҳамияти алоҳида таъкидланган.

Ҳужжатда 1993 йилги Вена декларацияси ва Ҳаракатлар дастури, 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш соҳасидаги кун тартиби ва 2024 йилги Келажак учун пактга ҳавола қилинган.

Ҳужжатда олтита раҳбарий тамойил белгиланган бўлиб, у тўққизта устувор йўналиш бўйича чақириқларни ўз ичига олади. Хусусан, халқаро шартномаларни миллий даражада амалга ошириш, ривожланиш ҳуқуқи, ижтимоий адолат, инклюзив жамият, демографик ўзгаришлар, авлодлар бирдамлиги, аёллар ҳуқуқлари, иқлим адолати, рақамли муҳит, сунъий интеллект, атроф-муҳит, иқлим ўзгариши, фуқаролик мавжуд эмаслигининг олдини олиш, тинчлик, хавфсизлик ва халқаро гуманитар ҳуқуқ йўналишлари ҳақида сўз юритилган.

Ушбу ҳужжатда 2040 йилга қадар фуқаролик мавжуд эмаслиги ҳолатларини сезиларли даражада қисқартиришга интилиш, Орол денгизи инқирозининг экологик ва ижтимоий оқибатларига эътибор қаратиш талаблари акс этган. Марказий Осиё учун “Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик” кун тартибини амалга ошириш бўйича биринчи Минтақавий ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилгани олқишланган.

Ҳужжатда Ўзбекистоннинг 2027–2029 йилларда Қўшилмаслик ҳаракатига раислик қилиши ҳамда 2031 йилда Ўзбекистонда Жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноий одил судлов бўйича БМТнинг XVI Конгресси ўтказилиши тўғрисидаги қарор маъқулланган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича V Самарқанд форуми иштирокчилари БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг “Инсон ҳуқуқлари бўйича глобал альянс” ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлади.

Иштирокчилар Самарқанд форумини доимий халқаро мулоқот майдонига айлантириш ва Халқаро пактларни амалга ошириш бўйича Самарқанд рақамли ҳамкорлик платформасини яратиш ташаббусини илгари сурди.

Мазкур ҳужжатга илова қилинган йўл харитаси 8 та тадбирни ўз ичига олади ва индикатив ҳамда ихтиёрий хусусиятга эга. Унга кўра, 2027 йилда устувор йўналишлар бўйича кўрсаткичлар тизими ишлаб чиқилади ва рақамли платформа концепцияси юзасидан маслаҳатлашувлар ўтказилади.

Шунингдек, 2027–2030 йилларда ҳужжат қоидаларини миллий стратегия ва ҳаракат дастурларига киритиш, 2028 йилда тараққиётнинг биринчи ихтиёрий шарҳини ўтказиш, 2030 йилда ҳужжат билан Барқарор ривожланиш мақсадлари ўртасидаги боғлиқликни таҳлил қилиш кўзда тутилган.

2036 йилда Халқаро пактларнинг 70 йиллиги, Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларациянинг 50 йиллиги ва Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг 30 йиллиги муносабати билан юбилей шарҳи, ўз навбатида, 2040 йилда якуний ихтиёрий шарҳ ўтказилади.

Якуний ҳужжатнинг қатор тадбирлари бўйича ижрочи сифатида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази белгиланган.

“Дунё” АА архивидан олинган сурат

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш