“The Nation” газетаси: Ўзбекистонда виждон эркинлиги конституциявий ҳуқуқ сифатида мустаҳкам кафолатланган
Ноябрь 22, 2026. 11:30 • 3 дақ
• 46
ИСЛОМОБОД, 22 ноябрь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “The Nation” газетасида Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси Содиқ Тошбоев қаламига мансуб “Янги Ўзбекистонда инсон қадри ва диний бағрикенглик” сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Муаллиф таъкидланганидек, бугун Ўзбекистонда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, халқимизнинг маънавий дунёсини бойитиш ҳамда миллий ва диний қадриятларини асраб-авайлашга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади инсоннинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, муносиб ҳаёт кечириши учун зарур шароитлар яратишга қаратилган.
“Инсон қадри учун!” деган эзгу ғоя давлат сиёсатининг марказига чиқарилди.
Бу жараёнлар диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар билан ҳам узвий боғлиқ. Чунки инсон қадрини улуғлаш, унинг эътиқодига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, виждон эркинлигини таъминлаш ва турли қарашларга бағрикенглик билан ёндашиш барқарор ва адолатли жамиятнинг муҳим шартларидир.
“Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, виждон эркинлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари яратилди. Кейинчалик мазкур қонун янги таҳрирда қабул қилиниши билан бу кафолатлар замон талаблари асосида янада такомиллаштирилди. Бугун мамлакатимизда виждон эркинлиги конституциявий ҳуқуқ сифатида мустаҳкам кафолатланган”, – деб ёзган қўмита раиси.
Ўзбекистоннинг буюк тарихида илм-фан ва маърифат доимо юксак ўрин тутган. Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврида башарият тафаккури хазинасини бойитган буюк алломаларимизнинг диний-маърифий мероси ана шу улкан цивилизациянинг ажралмас қисмидир.
“Президентимиз ташаббуси билан Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилгани, Баҳовуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази фаолияти йўлга қўйилгани ана шу бебаҳо меросни чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этишга хизмат қилмоқда. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг очилиши эса бу йўналишдаги ишлар янги босқичга кўтарилганининг яна бир ёрқин ифодаси бўлди. Самарқанд заминида Имом Бухорий мажмуасининг қайтадан бунёд этилгани ҳам ўзбек халқининг буюк муҳаддис меросига юксак эҳтиромини ифодалайди”, – дея қайд этган Содиқ Тошбоев.
Шунингдек, у бугунги кунда юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари бир оила фарзандларидек аҳил ва иноқ яшаб келаётгани алоҳида урғулаган.
Инсон қадри улуғланган, қонун устувор бўлган ва жамиятда ўзаро ҳурмат қарор топган юртда иқтисодий тараққиёт ҳам, ижтимоий ишонч ҳам юксалади. Ўзбекистоннинг очиқ, прагматик ва тинчликпарвар ташқи сиёсати ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.
Муаллиф мақоласини “Тинчлик ва осойишталикни асраш, инсон қадрини улуғлаш, виждон эркинлигини таъминлаш, илм-маърифатни юксалтириш, ёшларни эзгу мақсадлар сари йўналтириш, миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, турли миллат ва конфессия вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш Янги Ўзбекистоннинг ёруғ келажагини бунёд этиш йўлидаги энг муҳим вазифаларимиздир”, – деган сўзлар билан якунлаган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси