Япония матбуоти Риштондаги “Норико” япон тили мактаби ҳақида ёзмоқда

Ноябрь 22, 2026. 12:30 • 2 дақ

• 25
Япония матбуоти Риштондаги “Норико” япон тили мактаби ҳақида ёзмоқда

ТОКИО, 22 ноябрь. /“Дунё” АА/. Жорий йилнинг октябрь ва ноябрь ойларида Япониянинг саккизта нуфузли газетаси (“Киото симбун”, “То-о Ниппо”, “Ниси-Ниппон”, “Тюничи”, “Тюбу Кэйдзай”, “Хоккоку”, “Ямагата” ва “Фуку”) саҳифаларида Фарғона вилоятининг Риштон туманида фаолият юритаётган бепул “Норико” япон тили мактаби ҳамда унинг раҳбари Ғанишер Назиров ҳақида мақолалар чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Қарийб 27 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган ушбу мактаб маълумотларига кўра, ўтган давр мобайнида бу ерда 5 мингга яқин ёшлар япон тилини ўрганган бўлиб, уларнинг 300 нафарга яқини Японияда таҳсилни давом эттирган. Битирувчиларнинг бир қисми япон компанияларида меҳнат қилаётган бўлса, яна бир қисми Ўзбекистонда ўз тадбиркорлик фаолиятини ривожлантирмоқда.

Мактаб тарихи 1999 йил 19 ноябрда Япониянинг “Komatsu” компанияси муҳандиси Сигэкацу Осаки ташаббуси билан бошланган. Фарғона водийсига хизмат сафари чоғида маҳаллий аҳолининг меҳмондўстлиги ва ёшларнинг билимга бўлган чанқоқлигидан таъсирланган Осаки нафақага чиққач, турмуш ўртоғи Норико билан биргаликда ўз шахсий маблағлари ҳисобидан рафиқасининг номи билан аталувчи бепул мактаб очган. Лойиҳанинг дастлабки босқичидан бошлаб япон тилини мустақил ўрганган маҳаллий маърифатпарвар Ғанишер Назиров унда фаол иштирок этиб келмоқда. 2005 йилда Сигэкацу Осаки вафот этгач, у устозининг хайрли ишини давом эттириб, мактабнинг асосий тамойили — бепул таълим бериш анъанасини сақлаб қолди. Ўша йили Япония Ташқи ишлар вазирлигининг кичик грантлар дастури кўмагида мактаб ҳозирги Ёшлар маркази биносига кўчиб ўтди.

Шунингдек ўқинг

Дарслар асосан Япониядан ташриф буюрадиган кўнгилли ўқитувчилар (волонтёрлар) томонидан олиб борилади. Машғулотларда тил ўргатиш билан бир қаторда, ўқувчиларда япон халқига хос меҳнатсеварлик, интизом, вақтни қадрлаш, катталарга ҳурмат ва масъулият каби фазилатларга қизиқиш уйғотилади.

Япония нашрларида чоп этилган мақолаларда мактабга янада кўпроқ кўнгилли ўқитувчиларни жалб этиш, муассасани замонавий дарсликлар билан таъминлаш, масофавий ҳамкорликни ривожлантириш, иқтидорли битирувчилар учун стипендия дастурларини йўлга қўйиш ҳамда устоз-шогирд анъаналарини кучайтириш мақсадида битирувчилар ҳамжамиятини ташкил этиш таклифлари илгари сурилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш