Сенат “Рақамли технологиялар халқаро маркази тўғрисида”ги конституциявий қонунни маъқуллади

Август 09, 2026. 13:30 • 2 дақ

46
Сенат “Рақамли технологиялар халқаро маркази тўғрисида”ги конституциявий қонунни маъқуллади

ТОШКЕНТ, 9 август. /“Дунё” АА/. Кеча Олий Мажлис Сенатининг 18-пленар мажлисида “Рақамли технологиялар халқаро маркази тўғрисида”ги конституциявий қонун маъқулланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Парламент юқори палатаси матбуот хизмати маълумотига кўра, муҳокама чоғида ушбу конституциявий қонун Сенатнинг 17-пленар мажлисида кўриб чиқилиб, уни такомиллаштириш бўйича таклифлар билан Қонунчилик палатасига юборилгани қайд этилди. Сенаторлар ва Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат келишув комиссияси томонидан манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлари вакиллари иштирокида қонун қайта ишлаб чиқилди.

Конституциявий қонун республикамиз IT-парки ҳудудида фаолият юритувчи “Enterprise Uzbekistan” Рақамли технологиялар халқаро маркази учун инглиз ҳуқуқи тамойиллари асосида ҳуқуқий пойдевор яратади.

Конституциявий қонунга мувофиқ Марказни ташкил этиш, фаоллаштириш, унинг чегараларини ўзгартириш, стратегик бошқарув, асосий мансабдор шахсларни тайинлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ваколатларига бевосита тааллуқли бошқа масалалар қабул қилинган фармонлари ва қарорларига асосан амалга оширилиши белгиланмоқда.

Шунингдек, мослашувчан солиқ ва божхона режими, айрим фаолият турлари бўйича солиқлардан озод қилиш, асбоб-ускуналар, технологиялар ва материалларни олиб киришнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш белгиланмоқда.

Шунингдек ўқинг

Бундан ташқари, Марказ иштирокчиларини қўллаб-қувватлаш механизмларини, яъни рўйхатга олиш ва бошқариш учун ягона дарча ташкил этиш, интеллектуал мулк ва инвестицияларни ҳимоя қилиш кафолатларини жорий этиш кўзда тутилган.

Марказ фаолияти натижасида мамлакатда рақамли хизматлар экспортини 2030 йилга бориб 5 миллиард АҚШ долларига етказиш, иқтисодиётда 300 мингдан ортиқ янги юқори даромадли иш ўринларини яратиш ҳамда кўплаб иқтидорли ёшларни ўз ватанида жаҳон стандартлари даражасидаги иш ҳақи билан таъминлаш учун мустаҳкам пойдевор қўйилади.

Қонуннинг қабул қилиниши хорижий инвесторларнинг мулкий ва интеллектуал ҳуқуқларини халқаро стандартлар даражасида кафолатланишига, бунинг натижасида эса Apple, Google, Microsoft, Amazon каби дунёнинг энг йирик трансмиллий IT-гигантларини тўғридан-тўғри юртимизга кириб келишига ҳуқуқий асос яратади.

Сенаторларнинг фикрича, маъқулланган конституциявий қонун ялпи ички маҳсулотда IT-сектор улушини оширишга, рақамли соҳага тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқимини кўпайтиришга, рақамли технологиялар соҳасида янги иш ўринларини яратишга ва IT-хизматлар экспорти ҳажмини оширишга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш