Сенат Ўзбекистон ва Покистон ўртасида маҳкумларни топшириш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш ҳақидаги қонунни маъқуллади
Октябрь 05, 2026. 15:00 • 2 дақ
• 92
ТОШКЕНТ, 5 октябрь. /«Дунё» АА/. Жорий йил 3 октябрь куни Сенатнинг йигирманчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикаси билан Покистон Ислом Республикаси ўртасида маҳкумларни топшириш тўғрисидаги Битимни (Исломобод, 2026 йил 5 февраль) ратификация қилиш ҳақида»ги Қонун муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Парламентимиз юқори палатаси маълумотига кўра, мазкур Битим қоидаларига мувофиқ Ўзбекистон ва Покистон озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони ўтаётган маҳкумларни жазонинг қолган қисмини фуқароси бўлган давлатида ўташи учун топшириш масалаларида ўзаро ҳамкорликни амалга оширади.
Ҳужжатда маҳкумни топшириш шартлари, рад этиш асослари, марказий органлар, сўровнинг шакли ва мазмуни, жазони ижро этиш жараёнлари, транзит олиб ўтиш ҳамда харажатларни қоплаш тартиби аниқ белгилаб қўйилган.
Сенаторларнинг фикрича, ушбу Қонуннинг қабул қилиниши чет элда жазо ўтаётган фуқароларимизнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий реабилитация қилиш имкониятларини кенгайтиради ҳамда икки давлат ўртасидаги ҳуқуқий ҳамкорликни янада ривожлантириш, инсонпарварлик тамойилларини амалда таъминлаш ҳамда жазони ижро этиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Муҳокама якунида сенаторлар Қонунни маъқуллади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур ҳужжат Ўзбекистон Президентининг 2026 йил 5–6 февраль кунлари Покистонга амалга оширган давлат ташрифи доирасида имзоланган эди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси