“Зомин тоғлари”ни ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритиш бўйича ишлар жадаллашмоқда

Октябрь 05, 2026. 14:30 • 2 дақ

• 118
“Зомин тоғлари”ни ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритиш бўйича ишлар жадаллашмоқда
“Зомин тоғлари”ни ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритиш бўйича ишлар жадаллашмоқда

ПАРИЖ, 5 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг “Зомин тоғлари” табиий ҳудудини ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритиш бўйича амалга оширилган тайёргарлик ишларига бағишланган онлайн учрашув ташкил этилди, деб хабар беради “Дунё” АА мухбири.

Мазкур учрашув Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги Доимий ваколатхонаси ташаббуси билан ўтказилди. Унда юртимизнинг ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссияси, Маданий мерос агентлиги, “Зомин” миллий табиат боғи ва халқаро экспертлар иштирок этди.

“Зомин тоғлари” Ўзбекистоннинг Бутунжаҳон мероси бўйича дастлабки рўйхатига киритилган бўлиб, ноёб табиий ландшафтлари, бой биохилма-хиллиги ва юқори экологик қиммати билан ажралиб туради. Ҳудудда тоғ ўрмонлари, арчазорлар, баланд тоғ яйловлари ва қояли ландшафтлар билан бир қаторда, ноёб ва камёб ўсимлик ҳамда ҳайвон турлари учрайди.

Мутахассислар “Зомин” миллий табиат боғини Туркистон тизмасининг табиий ҳолати яхши сақланган қимматли тоғ экотизимларидан бири сифатида қайд этди.

Мулоқот давомида ҳужжатларни тайёрлаш талаблари, қўшимча илмий тадқиқотлар ўтказиш, ҳудудни хариталаш ва объектнинг сақланиш ҳолатини ўрганиш масалалари муҳокама қилинди.

Халқаро экспертлар “Зомин тоғлари”ни ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига илгари суриш учун имкониятлари юқори эканини таъкидлади.

Томонлар тайёргарлик ишларини сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш, ҳамкорликни давом эттириш ва мунтазам маслаҳатлашиб боришга келишиб олди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш