Logo

Германия Бундестаги қўмитаси делегацияси амалий ташриф билан Ўзбекистонда бўлди

Октябрь 27, 2025. 20:28 • 2 дақ

479
Германия Бундестаги қўмитаси делегацияси амалий ташриф билан Ўзбекистонда бўлди

ТОШКEНТ, 27 октябрь. /"Дунё" АА/. Германия Бундестаги (парламенти) Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва Ватан қўмитаси аъзоларидан иборат делегация ташриф билан Ўзбекистонда бўлди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мамлакатимиз парламенти қуйи палатасида Германия делегацияси билан бўлиб ўтган учрашувда институционал асосни мустаҳкамлаш йўлида парламентлараро алоқалар фаоллашаётгани қайд этилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси ҳамда Сенатнинг аграр, сув хўжалиги ва экология қўмитасида бўлиб ўтган учрашувда соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, мелиорация, уруғчилик, механизация ва ветеринария бўйича қўшма лойиҳалар муҳокама қилинди.

Томонлар дўстлик гуруҳлари ишини фаоллаштириш ва доимий экспертлар майдончасини шакллантириш бўйича келишувга эришдилар.

Шунингдек, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов ва Германия Бундестаги Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва Ватан қўмитаси раиси Херманн Фербер ўртасида кечган учрашувда томонлар чорвачилик, агросекторни рақамлаштириш, балиқчилик йўналишларида янги қўшма ташаббуслар ҳамда ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш учун немис технологияларини жорий этишнинг амалий механизмлари юзасидан фикр алмашдилар.

Мулоқот чоғида кадрлар тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Германияда талаба ва ёш фермерлар учун амалиёт дастурларини кенгайтириш, олий таълимда дуал тизимни ривожлантириш, ўқув модулларини амалий кўникмалар ва экологик барқарорликка йўналтириш режалари баён этилди.

Тошкент давлат аграр университетида немис мутахассислари иштирокида "Барқарор қишлоқ хўжалиги ва келажак таълими" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Конрад Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий дастури ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур мулоқотда аграр таълимни модернизация қилиш, илмий-тадқиқот устувор йўналишлари, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Самарали ташриф музокаралари якунида аниқ лойиҳаларни ишлаб чиқишни давом эттиришга келишиб олинди.

Дастурга кўра, немис делегацияси сув тақчиллигини ўрганиш мақсадида Қорақалпоғистонга ҳам сафар амалга оширди.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатларимиз ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик тобора кенгаймоқда. Хусусан, "Иқлимга чидамли деҳқончилик бўйича Германия-Ўзбекистон мулоқоти" лойиҳаси амалга оширилмоқда. Унда асосий эътибор чорвачиликка ихтисослашган кичик фермер хўжаликлар учун ем-хашак тайёрлаш ва сут маҳсулоти олишга қаратилган. Шунингдек, Қорақалпоғистонда Германия халқаро ҳамкорлик ташкилот томонидан фермерларни иқлимга мослаштириш учун сувни тежовчи технологиялар ва қурғоқчиликка чидамли экинларни экишни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси олиб борилмоқда.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш