“Seoul City”: Ўзбекистон янги глобал иқтисодиётда ишончли инвестиция марказига айланмоқда
Август 04, 2026. 12:30 • 3 дақ
• 37
СЕУЛ, 4 август. /“Дунё” АА/. Жанубий Кореянинг нуфузли “Seoul City” нашрида “G20 ва Ўзбекистон: янги иқтисодий воқеликда инвестициялар, саноат ва савдо” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада ёзилишича, бугунги кунда жаҳон иқтисодиёти янги босқичга қадам қўймоқда. Глобал таъминот занжирларининг қайта шаклланиши, рақамли иқтисодиёт, «яшил» энергетика, инвестициялар учун рақобат ва халқаро савдо қоидаларининг такомиллашуви давлатлар олдига янги вазифаларни қўймоқда. Шу нуқтаи назардан, G20 доирасида муҳокама қилинаётган масалалар Ўзбекистон учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Мамлакат иқтисодиётини модернизация қилиш, саноатни юқори технологиялар асосида ривожлантириш, инвестицияларни кенг жалб қилиш ва экспорт салоҳиятини ошириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар G20 кун тартибидаги устувор йўналишлар билан ҳамоҳангдир.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда инвестиция муҳитини яхшилаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, 2025 йилда мамлакат иқтисодиёти 7,7 фоизга ўсди ва 43 миллиард АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция жалб қилинди. 2026 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажмининг 180 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда. Бу натижалар иқтисодиётнинг барқарор ўсиши билан бир қаторда, Ўзбекистоннинг халқаро инвесторлар учун ишончли ва истиқболли ҳамкор сифатида шаклланаётганини кўрсатади.
Нашрда таъкидланишича, инвестицияларни жалб қилишда институционал ислоҳотлар ҳам муҳим аҳамиятга эга. Тошкент халқаро молия марказининг ташкил этилиши, инглиз ҳуқуқи элементларининг жорий қилиниши, мустақил тижорат судининг фаолият юритиши, капиталнинг эркин ҳаракати ва замонавий молиявий хизматларни ривожлантириш мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини янада оширмоқда.
Саноат соҳасида ҳам Ўзбекистон юқори қўшилган қиймат яратадиган иқтисодиётга ўтишни мақсад қилган. Яқин йилларда саноатда қўшилган қийматни 36,5 миллиард доллардан камида 60 миллиард долларга етказиш, юқори технологияли тармоқлар ишлаб чиқаришини 2,5 баробарга ошириш режалаштирилган. 2026 йилда умумий қиймати 52 миллиард долларлик 782 та янги саноат ва инфратузилма лойиҳасини амалга ошириш белгиланган. Бу эса мамлакатнинг металлургия, кимё, электротехника, машинасозлик, фармацевтика, тўқимачилик, агросаноат ва рақамли инфратузилма соҳаларида янги имкониятларни очиб беради.
Ташқи савдо соҳасида ҳам ижобий тенденциялар кузатилмоқда. 2026 йилнинг январь–май ойларида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 32,8 миллиард долларга етди. Энг муҳими, олтиндан ташқари товарлар экспорти қарийб 30 фоизга ўсди. Бу мамлакат экспорт таркибида қайта ишланган саноат маҳсулотлари, тўқимачилик, озиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматлар улуши ортиб бораётганини англатади.
Шу билан бирга, транспорт йўлакларини ривожлантириш, логистика харажатларини қисқартириш ва рақамли транзит тизимларини жорий этиш экспорт рақобатбардошлигини оширишда муҳим омил бўлиб қолмоқда.
Мақолада маълум қилинишича, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш жараёни ҳам иқтисодий ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланади. ЖСТга аъзолик мамлакат учун халқаро савдо қоидаларининг шаффофлигини таъминлаш, инвесторлар ишончини мустаҳкамлаш, экспортчилар учун янги бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш ва рақобат муҳитини янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Умуман олганда, G20 доирасида муҳокама қилинаётган инвестиция, саноат, савдо, рақамли иқтисодиёт ва барқарор ривожланиш масалалари Ўзбекистоннинг узоқ муддатли тараққиёт стратегияси билан тўлиқ уйғунлашган.
Марказий Осиёнинг стратегик транспорт ва инвестиция марказига айланиб бораётгани, мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар ҳамда халқаро ҳамкорликнинг кенгайиши Ўзбекистоннинг янги глобал иқтисодий шароитда рақобатбардош ва ишончли ҳамкор сифатидаги ўрнини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси