Ўзбекистонлик мактаб ўқувчилари Гамбургда фейкларни аниқлашга ўргатувчи ўйинларни тақдим этди
Ноябрь 26, 2026. 19:30 • 2 дақ
• 46ГАМБУРГ, 26 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистонлик бир гуруҳ мактаб ўқувчилари “InfoCheck Central Asia” минтақавий лойиҳаси доирасида Германиянинг Гамбург шаҳрида бўлиб ўтган “PLAY – Creative Gaming Festival” фестивалида иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур лойиҳа ёшларнинг медиасаводхонлиги ва танқидий фикрлашини ошириш, шунингдек, рақамли муҳитда ахборотдан онгли ва хавфсиз фойдаланиш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган.
Маҳаллий “Sommer in Hamburg” нашрининг ёзишича, ўзбекистонлик ўқувчилар халқаро аудиторияга ўз ишланмаларини тақдим этиб, тенгдошлари билан бундай ўйинларни яратиш тажрибаси билан ўртоқлашди. “Game Jam” дастури доирасида иштирокчилар жамоаларга бўлиниб, янги ўйин ғояларини ишлаб чиқди. Ўқувчилар фейкларга қарши ўйинлар устида ишлаган онлайн машғулотларни HAW Hamburg профессори Эрик Жаннот олиб борди. Фестивалнинг алоҳида очиқ мулоқоти эса фуқаролар, компаниялар ва давлат муассасаларининг шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш борасидаги масъулиятига бағишланди.
Ўзбекистон вакиллари немис томони билан рақамли таълимда янги усулларни қўллаш ва ушбу соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Гамбургдаги тақдимотга тайёргарлик Тошкентда бошланган эди. Жорий йил 12–14 июнь кунлари бўлиб ўтган минтақавий хакатонда 12 та жамоа таркибидаги 36 нафар ўқувчи таълимга оид ўйинларнинг илк намуналарини яратди. HAW Hamburg мутахассислари уларга ўйин сценарийларига болалар кундалик ҳаётда дуч келадиган муаммолар — сохта хабарлар, сунъий интеллект ёрдамида яратилган чалғитувчи тасвирлар ва интернетдаги таъқиб (кибербуллинг) ҳолатларини сингдиришда ёрдам берди.
Хакатон якунларига кўра, “Scroll” ва “Shadow Network” лойиҳалари кейинги босқичга саралаб олинди. Гёте институти маълумотига кўра, ушбу лойиҳаларни HAW Hamburg жамоаси билан биргаликда такомиллаштириш ва ҳамкор кутубхоналарда синовдан ўтказиш режалаштирилган. Бу орқали бошқа мактаб ўқувчилари ҳам тенгдошлари яратган ўйинлар ёрдамида тармоқдаги хавфли вазиятларни фарқлашни ўрганишлари мумкин бўлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



