Иорданияда истиқомат қилаётган ватандошлар билан учрашув ташкил этилди

Ноябрь 23, 2026. 09:00 • 2 дақ

• 168
Иорданияда истиқомат қилаётган ватандошлар билан учрашув ташкил этилди

АММАН, 23 ноябрь. /“Дунё” АА/. Иордания пойтахтида ушбу давлатда истиқомат қилаётган ватандошлар ҳамда “Ал-Бухорий” уюшмаси вакиллари билан учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Ўзбекистон Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита раиси ўринбосари Бекзод Шукуров, Имом ал-Бухорий ислом институти ректори Уйғун Ғофуров, Барқарор ривожланиш маркази директори Элёржон Саминов иштирок этди.

Мулоқот давомида Ўзбекистон Президентининг араб тилига таржима қилинган “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” китоби ҳамда бошқа асарларининг тақдимотлари ўтказилди.

Хориждаги юртдошларнинг Ватан билан алоқаларини мустаҳкамлаш, уларнинг миллий ўзлиги, она тили, урф-одатлари ва маданий-маънавий меросини асраб-авайлаш, Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш масалалари хусусида фикр алмашилди.

Шунингдек ўқинг

“Ал-Бухорий” ўзбеклар уюшмаси билан тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш, ватандошларни Ўзбекистонда ўтказиладиган халқаро форумлар, маданий-маърифий анжуманлар ва бошқа тадбирларга жалб этиш, ёшларни юртимизнинг бой маданий мероси, миллий қадриятлари ҳамда бугунги тараққиёти билан яқиндан таништириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Иорданияда яшаётган ватандошларнинг фарзандлари учун ўзбек тили курсларини ташкил этиш, уларнинг Ўзбекистон олий таълим муассасаларида таҳсил олиш имкониятларини кенгайтириш, қўшма маданий-маърифий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифлар билдирилди.

“Ал-Бухорий” уюшмаси раҳбари Саад ал-Бухорий Ватан билан алоқаларни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини билдириб, Ўзбекистоннинг бой тарихий, маданий ва маънавий меросини Иорданияда кенг тарғиб этишини маълум қилди.

Ўзбекистон делегацияси томонидан ватандошларга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев асарларининг араб тилига таржима қилинган нашрлари, ўзбек миллий либослари, дўппилар ва бошқа миллий кийимлар намуналари эсдалик совғалари сифатида топширилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш