Миср матбуоти: Ўзбекистоннинг Марказий Осиё ҳамкорлигини ривожлантиришдаги роли тобора юксалиб бормоқда

Июль 27, 2026. 12:00 • 2 дақ

63
Миср матбуоти: Ўзбекистоннинг Марказий Осиё ҳамкорлигини ривожлантиришдаги роли тобора юксалиб бормоқда

ҚОҲИРА, 27 июль. /“Дунё” АА/. Мисрнинг “Sada al Balad” нашрида Ўзбекистоннинг минтақавий ҳамкорликнинг янги форматларини ривожлантиришдаги ўрнига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрда таъкидланишича, 2025 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида Озарбайжоннинг минтақавий мулоқотда тўлақонли иштирок этиши тўғрисида қарор қабул қилинган.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев маслаҳат форматини котибиятга эга стратегик “Марказий Осиё ҳамжамияти”га айлантиришни таклиф қилган. Давлат раҳбари томонидан Ўзбекистоннинг 2035 йилгача мўлжалланган минтақавий савдо дастурини ишлаб чиқиш ва умумий инвестиция маконини ташкил этиш ташаббуслар илгари сурилган.

Шунингдек ўқинг

Мақолада қайд этилишича, Ўзбекистоннинг минтақа мамлакатлари билан ўзаро савдо ҳажми 2025 йилда 8,3 миллиард долларга етган. Озарбайжон билан товар айирбошлаш эса 2017–2025 йиллар давомида 9,5 баробар ошиб, 307,3 миллион долларни ташкил этган.

Каспий денгизи ва Озарбайжон орқали ўтувчи Ўрта йўлакка Кавказ, Туркия ва Европа бозорларига чиқишнинг муқобил транспорт йўналиши сифатида алоҳида эътибор қаратилган. Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, 2030 йилга бориб йўлак бўйлаб юк оқими уч баравар ошиши, етказиб бериш вақти эса икки баравар қисқариши мумкин.

“Форматнинг келгуси аҳамияти транспорт кун тартибининг саноат кооперацияси, хусусан, йўлак бўйлаб қўшма ишлаб чиқариш ҳудудларини яратиш билан қай даражада тўлдирилишига боғлиқ бўлади”, – дея хулоса қилган “Sada al Balad”.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш