Покистон ОАВ: Ўзбекистонда хотин-қизлари ҳуқуқларини таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган
Июнь 15, 2026. 15:30 • 3 дақ
• 80ИСЛОМОБОД, 15 июнь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг «Islamabad Post» газетаси, «The Diplomatic Insight» журнали, «The Gulf Observer», «Кhyber Mail», «Infora News» ва «The World News» каби етакчи электрон оммавий ахборот воситаларида «Ўзбекистонда гендер сиёсати» сарлавҳали мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳномалигида мамлакат хотин-қизлари ҳуқуқларини таъминлашни давлат сиёсати даражасига кўтариш бўйича стратегик йўналишлар белгиланди. «Ушбу ислоҳотлар доирасида аёлларнинг давлат бошқарувидаги роли ва фаоллигини ошириш масаласи алоҳида устувор вазифа сифатида белгиланди, – дейилган нашрларда. –2030 йилгача бўлган даврда аёлларни давлат хизматига фаол жалб қилиш бўйича аниқ мақсадли кўрсаткичлар белгиланди. Хусусан, мақсад давлат хизматида ҳам, «Миллий кадрлар захираси»да ҳам аёллар улушини 40 фоизга етказишдир».
Ўзбекистон Ҳукуматнинг тегишли қарори билан, қоида тариқасида, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясининг магистратура дастурига қабул қилиш учун тавсия этилган номзодлар умумий сонининг камида 30 фоизини аёллар ташкил этиши белгиланди. Бундан ташқари, аёлларни юқори лавозимларга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг етакчилик салоҳиятини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бу орқали аёллар нафақат давлат бошқаруви тизимида, балки стратегик қарорлар қабул қилиш даражасида ҳам фаол иштирок этиш имкониятига эга бўладилар.
Мақолаларда таъкидланишича, сўнгги йилларда амалга оширилган таълим ислоҳотлари ҳам аёлларнинг ижтимоий фаоллигини оширишда муҳим роль ўйнамоқда. Узлуксиз таълимнинг барча босқичларини тубдан ислоҳ қилиш, таълим жараёнига энг сўнгги илғор технологияларни жорий этиш ва ўқитувчиларнинг касбий даражасини ошириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида аёллар таълимига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада, сўнгги йилларда аёлларнинг амалий ва аниқ фанларга қизиқиши ортиб бормоқда.
Шунингдек, материалларда 2020 йилдан бошлаб эҳтиёжманд оилалардан бўлган хотин-қизларни олий таълим муассасаларига давлат грантлари (1000 квота) асосида қабул қилиш тизими жорий этилди. 2021 йилда ушбу грант ўринлари икки бараварга оширилиб, 2000 тага етди. Жорий йилда бу квоталар яна икки бараварга оширилиб, 4000 тага етди. Натижада, сўнгги 5 йил ичида ушбу имтиёз асосида давлат грантлари асосида олий таълим муассасаларига қарийб 13 000 аёл қабул қилинди.
«5 йиллик иш тажрибасига эга, аммо олий маълумотга эга бўлмаган аёллар учун квоталар сони эса 5 баравар оширилиб, 2500 тага етди. Ушбу имтиёз асосида 2022-2025 йиллар оралиғида 2000 дан ортиқ аёллар олий таълим муассасаларига ўқишга кирдилар», – деб ёзган Покистон ОАВ.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



