Минскда ўзбекистонлик талабалар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди
Июнь 15, 2026. 16:00 • 2 дақ
• 62МИНСК, 15 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, мамлакатимиз элчихонаси ҳамда Миграция агентлиги вакиллари Минскда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Беларусдаги тиббиёт, информатика ва радиоэлектроника ҳамда технология университетларида таҳсил олаётган ҳамюртларимиз билан бўлиб ўтган мулоқотда Президентимиз раҳбарлигида “Янги Ўзбекистон” ғояси асосида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилди.
Учрашув давомида талаба ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, хусусан, уларнинг гиёҳвандлик воситалари савдоси каби ноқонуний хатти-ҳаракатларга аралашиб қолмасликлари, турли террорчилик, диний-экстремистик ва деструктив оқимлар таъсирига тушиб қолишларининг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, Миграция агентлиги вакили хориждаги ватандошларимизни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида яратилган тизим ва мавжуд имкониятлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Очиқ ва самимий руҳда ўтган учрашув якунида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди ҳамда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича ўз таклифларини билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



