Покистон ОАВ: Ўзбекистон ва Сербия кўп қиррали шерикликни мустаҳкамламоқда
Сентябрь 06, 2026. 16:00 • 2 дақ
• 48ИСЛОМОБОД, 6 сентябрь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “Diplomatic Affairs” ва “MNN News” нашрида “Муносиб шерикликнинг нурли истиқболлари” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада Ўзбекистон–Сербия ўртасидаги маданий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари хусусида сўз юритилган.
Муаллифнинг ёзишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Сербия муносабатлари янги мазмун ва аҳамият касб этмоқда. Хусусан, ўтган йилда икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичи учун муҳим қадамлар ташланди.
Сербия билан маданий ҳамкорликни узлуксиз тизим сифатида ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада Ўзбекистоннинг мусиқа ва рақс санъати, театр ва киноси, тасвирий ва амалий санъати, адабиёти, ҳунармандчилиги Сербия жамоатчилигига мамлакатимизнинг бой маданий қиёфасини танитиш учун катта имконият беради.
Ўз навбатида, серб маданияти ва санъатини Ўзбекистонда кенгроқ тарғиб қилиш икки халқ ўртасидаги маданий мулоқотни бир томонлама эмас, ўзаро манфаатли жараёнга айлантиради.
Бу борада маданият кунлари, кўргазмалар, концертлар, кино намойишлари, театр гастроллари, ижодий учрашувлар ва маҳорат дарслари энг самарали воситалардан биридир.
Нашрларда таъкидланишича, Ўзбекистон–Сербия маданий ҳамкорлигида кинематографиянинг алоҳида ўрни бор. Хусусан, 2026 йил 3 апрель куни Ўзбекистон Маданият вазирлигида Сербия Маданият вазирлиги Давлат котиби Лав Пайкич билан ўтказилган учрашувда икки мамлакат ҳамкорлигида суратга олиниши режалаштирилаётган “Ал-Хоразмийдан Теслагача” қўшма фильм лойиҳасининг ташкилий масалалари муҳокама қилингани бу йўналишдаги муҳим қадамдир.
“Лойиҳада катта рамзий маъно бор. Бир томонда – жаҳон илм-фани тараққиётига улкан ҳисса қўшган Муҳаммад ал-Хоразмий, иккинчи томонда – электротехника ва ихтирочилик тарихида алоҳида ўрин тутган Никола Тесла. Уларни бир бадиий ғоя атрофида бирлаштириш икки халқнинг нафақат маданияти, балки илм-фан, тафаккур ва цивилизация тараққиётига қўшган ҳиссасини кўрсатиш учун ҳам ўзига хос имкониятдир”, – деган Ўзбекистон маданият вазири.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

