Олий Мажлис Келишув комиссияси “Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги қонунни такомиллаштирмоқда
Июль 06, 2026. 12:30 • 2 дақ
• 68
ТОШКЕНТ, 6 июль. /“Дунё” АА/. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Келишув комиссияси томонидан такомиллаштирилган “Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳасининг янгиланган таҳририни кўриб чиқди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Қайд этилишича, қонун лойиҳаси Тошкент халқаро молия марказининг ҳуқуқий мақомини, унинг фаолият тамойилларини, бошқарув тизимини, ваколатларини ва марказ ҳудудида амал қиладиган махсус ҳуқуқий режимни белгилайди.
Ҳужжатга кўра, марказ ҳудудида Ўзбекистон Конституцияси, мазкур конституциявий қонунга ва Молия марказининг қарорларига зид бўлмаган ҳолда Англия ва Уэльс ҳуқуқининг принциплари, қонунчилиги ва суд прецедентлари амал қилишига оид қоидалар ўз аксини топган.
Шунингдек, марказ маъмурияти, Тошкент молиявий хизматлар бошқармаси ва Тошкент халқаро тижорат судининг ҳуқуқий мақоми мустаҳкамланган. Бундан ташқари, марказ ҳудудида солиқ ва божхона имтиёзлари жорий этилиши белгиланган.
Келишув комиссиясида келишувга эришилгани якуний босқич ҳисобланмайди. “Қонунчилик палатаси тўғрисида”ги конституциявий қонунга мувофиқ, такомиллаштирилган ҳужжат қуйи палата томонидан одатий тартибда қайта кўриб чиқилади. Қонун қабул қилинган тақдирда маъқуллаш учун Сенатга юборилади, шундан сўнг Президентга имзолаш учун киритилади.
Ҳужжат устида ишлар март ойи охирида, Президент “Tashkent City” мажмуаси ҳудудида жойлашадиган Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш тўғрисида фармон чиқарганидан буён олиб борилмоқда.
2 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси “Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги ва “Enterprise Uzbekistan” бренди остидаги “Рақамли технологиялар халқаро маркази тўғрисида”ги иккита конституциявий қонун лойиҳасини иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилган эди.
13 июнь куни Сенат ўзининг 16-ялпи мажлисида “Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги ушбу конституциявий қонунни такомиллаштириш ҳақида қарор қабул қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси