Россия ОАВ: Ўзбекистон Президентининг Грузияга давлат ташрифи икки мамлакат стратегик шериклигида янги босқични бошлаб беради

Июль 06, 2026. 11:00 • 2 дақ

19
Россия ОАВ: Ўзбекистон Президентининг Грузияга давлат ташрифи икки мамлакат стратегик шериклигида янги босқични бошлаб беради

МОСКВА, 6 июль. /“Дунё” АА Россиянинг етакчи оммавий ахборот воситалари – “Независимая газета” ва “Взгляд” нашрларида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Грузияга амалга оширган давлат ташрифи ҳамда икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичи кенг ёритилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Хусусан, “Независимая газета”нинг “300 нафар ўзбекистонлик ишбилармон Тбилиси остонасида” сарлавҳали мақоласида Шавкат Мирзиёевнинг Тбилисига ташрифи доирасида Грузия Президенти Михаил Кавелашвили ҳамда Бош вазир Ираклий Кобахидзе билан музокаралари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилган.

Мақолада ёзилишича, олий даражадаги учрашувларда сиёсий мулоқот, парламентлараро ва ҳудудлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, савдо, саноат, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, туризм, энергетика ва ахборот технологиялари соҳалари қамраб олинган. Айниқса, транспорт-логистика йўналиши ва ўзбек маҳсулотлари экспортини кенгайтириш масалалари асосий устувор йўналиш сифатида қайд этилган.

Нашрда таъкидланишича, мазкур ташриф 23 йилдан сўнг амалга оширилган илк давлат ташрифи бўлиб, Марказий Осиё ва Европа ўртасидаги “Ўрта йўлак” транспорт йўналишида Ўзбекистоннинг мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган стратегик қадам сифатида баҳоланмоқда.

Шунингдек ўқинг

Ташриф арафасида ўтказилган Ўзбекистон–Грузия бизнес форумида 300 дан ортиқ тадбиркор иштирок этгани, томонлар товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард АҚШ долларига етказиш бўйича келишувларга эришилгани қайд этилган.

Россиянинг “Взгляд” нашрида эълон қилинган мақолаларда эса Ўзбекистон ва Грузия ўртасида стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилгани ёритилган. Хусусан, Тбилисида икки давлат етакчилари томонидан стратегик шерикликни белгилаш бўйича меморандум имзолангани, бу эса икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиши таъкидланган.

Мақолаларда Грузия ташқи ишлар вазири Мака Бочоришвилининг ушбу ташрифни “тарихий” деб баҳолагани келтирилиб, бу воқеа икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни стратегик даражага олиб чиқиш учун муҳим имконият экани қайд этилган.

Шу билан бирга, томонлар келгуси йилларда товар айирбошлаш ҳажмини кенгайтириш, транспорт-логистика тизимини ривожлантириш, инвестицияларни кенг жалб қилиш ва минтақавий иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича келишувларга эришгани таъкидланади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш