Скандинавиядаги ватандошлар Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигини нишонлади
Сентябрь 24, 2026. 08:10 • 2 дақ
• 13СТОКГОЛЬМ, 24 сентябрь. /“Дунё” АА/. Стокгольмдаги “Folkets Hus Hallunda” маданият марказида Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Байрам Ўзбекистон элчихонаси томонидан “Ватандошлар” жамоат фонди билан ҳамкорликда ташкил этилди ва Скандинавия давлатлари – Швеция, Норвегия ва Данияда истиқомат қилаётган ватандошларни бирлаштирди.
Тадбирда Ўзбекистон элчиси Раҳматулла Нуримбетов, жамғарма раиси ўринбосари Болиддин Санаев, Швециянинг Ўзбекистондаги элчиси Мартин Розен ва Стокгольм вице-мэри Андерс Остерберг ватандошларни байрам билан табрикладилар.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Швеция ўртасидаги муносабатлар ривожланиб бораётгани қайд этилиб, халқлар ўртасидаги дўстлик, маданий-гуманитар алоқалар ва икки мамлакат фуқаролари ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланди.
Хорижда ўзбек маданияти ва миллий қадриятларини тарғиб қилиш, ўзбек диаспорасини жипслаштиришга ҳисса қўшаётган фаол ватандошларни тақдирлаш маросими байрамнинг марказий воқеаларидан бири бўлди.
Иштирокчиларга Швециядаги ўзбекистонлик талабалар ташаббуси билан ташкил этилган “Ёшлар форуми” фаолияти таништирилди. Ёшларга ташаббуснинг мақсад ва вазифалари, амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда истиқболдаги режалар ҳақида маълумот берилди.
Ўзбек халқининг маданияти, санъати ва анъаналари намойиш этилган миллий дастурхон ва концерт дастури тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




