Балиқчи туманида ёшлар учун сунъий интеллект маркази ташкил этилди
Сентябрь 23, 2026. 19:55 • 2 дақ
• 23ТОШКЕНТ, 23 сентябрь. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун Балиқчи туманидаги Сунъий интеллект марказига ташриф буюриб, ёшларнинг стартап лойиҳалари билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, “Akademiya IT Star” корхонаси томонидан ташкил этилган ушбу марказ давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 26 февралдаги рақамлаштириш соҳасида хизматлар экспортини ривожлантиришга доир қарори асосида барпо этилган.
Ахборот технологиялари ёшлар учун энг талаб юқори бўлган соҳалардан бирига айланмоқда. Шу боис, ҳудудларда замонавий АT касбларни эгаллаш, амалий кўникмаларни ривожлантириш ва рақобатбардош дастурий маҳсулотлар яратиш учун шароитларни кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга.
Лойиҳанинг умумий қиймати 15 миллиард сўмни ташкил этиб, 100 та иш ўрни яратилган.
Марказ қишлоқ ва туман ёшларига бошқа ҳудудларга бормасдан, ўз яшаш жойида замонавий билим ва касбларни эгаллаш имконини бермоқда. Бу ерда маркетинг, дастурлаш ва робототехника йўналишларида таълим берилиб, ёшлар олган билимларини амалий лойиҳаларда қўлламоқда.
Муассаса имкониятларидан маҳаллий тадбиркорлар ҳам самарали фойдаланмоқда. Уларга сунъий интеллект асосида бизнесни ривожлантириш бўйича маслаҳат ва АT хизматлари кўрсатилади. Шу кунга қадар 500 дан ортиқ тадбиркорлик субъектига жами 8,5 миллиард сўмлик хизмат кўрсатилган.
Бугунги кунда вилоятдаги 65 мингта тадбиркорлик субъекти учун SMM-менежер, мобилограф, график дизайнер, маркетолог, маълумотлар таҳлилчиси ва сунъий интеллект мутахассисларига эҳтиёж 129 минг нафардан ортиқни ташкил этмоқда. Марказдаги таълим дастурлари ана шу талабдан келиб чиқиб шакллантирилган.
Давлатимиз раҳбари ёшлар яратган стартаплар билан яқиндан танишиб, уларнинг билим ва интеллектуал салоҳиятига юқори баҳо берди. Самимий мулоқот давомида йигит-қизлар мамлакатимизда стартап экотизимини янада ривожлантиришга қаратилган янги ташаббус ва таклифларини билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

