АҚШнинг кўплаб шаҳарларида Қурбон ҳайити муносабати билан маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди
Май 28, 2026. 16:30 • 1 дақ
• 66НЬЮ-ЙОРК, 28 май. /“Дунё” АА/. АҚШнинг бир қатор шаҳарларида Қурбон ҳайити кенг нишонланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, Нью-Йорк, Нью-Жерси, Филадельфия, Цинциннати, Чикаго ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтди.
Имом-хатиблар ўз чиқишларида ўзаро ҳурмат, муҳтожларга кўмаклашиш, маънавий қадриятларни асраш, оилавий тотувликни мустаҳкамлаш ҳамда ёш авлодни миллий анъаналар руҳида тарбиялаш муҳимлигини алоҳида таъкидладилар.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда Қўшма Штатлардаги ўзбек жамоаси орасида ўзаро қўллаб-қувватлаш, ҳамжиҳатлик муҳити ҳамда маданий-маънавий қадриятларни сақлашга интилиш мустаҳкамланиб бормоқда.
Тадбирлар Ўзбекистоннинг АҚШдаги дипломатик ваколатхоналари кўмагида, шунингдек, ўзбек диаспора ташкилотлари, маҳаллий жамоалар вакиллари ва масжид фаоллари иштирокида ташкил этилди.
Ҳайит намозларидан сўнг ватандошлар учун дастурхонлар ёзилиб, хайрия эҳсонлари улашилди ва дўстона учрашувлар ўтказилди.
Байрам тадбирлари самимий ва дўстона руҳда ўтиб, АҚШдаги ўзбек диаспорасининг жипслашаётгани ҳамда миллий анъаналар ва маънавий меросни асрашга интилаётганининг яна бир тасдиғи бўлди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси






