Ўзбекистон ва Малайзия парламентлари ўртасидаги ҳамкорликнинг янги истиқболлари муҳокама қилинди

Июль 02, 2026. 22:30 • 2 дақ

45
Ўзбекистон ва Малайзия парламентлари ўртасидаги ҳамкорликнинг янги истиқболлари муҳокама қилинди

ТОШКЕНТ, 2 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Малайзия Парламенти Вакиллар палатаси ўртасидаги парламентлараро дўстлик гуруҳининг онлайн учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот давомида Малайзия вакилларига Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар, Қонунчилик палатасининг таркибий тузилиши ва қонун ижодкорлиги йўналишидаги замонавий фаолияти ҳақида тўхталиб ўтилди.

Малайзия–Ўзбекистон парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси Келвин Йи Ли ўзаро муносабатларнинг ривожланиш суръатини юқори баҳолади. Унинг таъкидлашича, Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳимнинг 2024 йил май ойида Ўзбекистонга қилган ташрифи ҳамда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил февраль ойида Малайзияга амалга оширган тарихий ташрифи икки томонлама алоқаларни мутлақо янги босқичга кўтаришда мустаҳкам ҳуқуқий ва сиёсий пойдевор бўлиб хизмат қилди.

Шунингдек ўқинг

Учрашувда томонлар савдо-иқтисодий, инвестициявий, ахборот технологиялари (IT) ва сунъий интеллект, илм-фан, таълим, маданий-гуманитар ҳамда туризм соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини диққат марказида тутди. Олий даражада эришилган келишувлар ижросини таъминлаш юзасидан парламент назоратини кучайтириш, қонунчилик соҳасида доимий тажриба алмашиш ва дўстлик гуруҳлари фаолиятини янада фаоллаштириш зарурлиги алоҳида қайд этилди.

Музокаралар чоғида замонавий илм-фан ва таълим йўналишларида қўшма илмий тадқиқотларни йўлга қўйиш, “яшил” ҳамда қайта тикланувчи энергетика соҳасидаги лойиҳаларни замон талабларига мувофиқлаштириш ҳамда икки мамлакат ўртасида зиёрат туризмини янада ривожлантиришда парламент имкониятларидан унумли фойдаланиш масалаларига урғу берилди.

Учрашув якунида парламентлараро дўстлик гуруҳининг истиқболдаги фаолият йўналишлари ва қўшма амалий ҳамкорлик режалари бўйича ўзаро келишувга эришилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш