АҚШнинг Ситак шаҳри мэри Ўзбекистон ҳудудлари билан қўшма лойиҳаларни илгари суришга кўмаклашади

Июль 01, 2026. 10:30 • 2 дақ

37
АҚШнинг Ситак шаҳри мэри Ўзбекистон ҳудудлари билан қўшма лойиҳаларни илгари суришга кўмаклашади

СИЭТЛ, 1 июль. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Сиэтл шаҳридаги бош консули Ахрор Бурханов Вашингтон штати Ситак шаҳри мэри Моҳамед Эгал билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ситак шаҳри Сиэтл халқаро аэропорти жойлашган стратегик аҳамиятга эга ҳудуд бўлиб, метрополитеннинг муҳим транспорт-логистика марказларидан бири ҳисобланади. Шаҳарда халқаро бизнес, логистика, туризм ва хизматлар соҳалари ривожланган бўлиб, у кўп миллатли аҳоли истиқомат қиладиган ҳудуд сифатида ҳам ажралиб туради.

Шаҳар мэри Моҳамед Эгал Ўзбекистонда Президент раҳбарлигида олиб борилаётган ислоҳотларни доимий равишда кузатиб бораётганини таъкидлади. У қисқа тарихий давр ичида эришилган натижалар катта таассурот уйғотганини ва улардан илҳомланаётганини қайд этди.

Сомали диаспораси вакили бўлган Моҳамед Эгал Ўзбекистоннинг тараққиёт модели бугунги кунда нафақат Марказий Осиё, балки Африка давлатлари учун ҳам муваффақиятли намуна бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

Шунингдек ўқинг

Унинг фикрича, Ўзбекистоннинг иқтисодий ислоҳотлар, инвестицияларни жалб этиш, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда давлат бошқарувини модернизация қилиш борасидаги тажрибаси Африка мамлакатлари томонидан чуқур ўрганилиши ва амалиётга татбиқ этилиши лозим.

Учрашув чоғида Ситак шаҳри билан Ўзбекистон ҳудудлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш, ишбилармон доиралар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, маданий-гуманитар ва таълим соҳаларидаги алмашинувларни кенгайтириш, шаҳарда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик ватандошларни қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Музокаралар чоғида Моҳамед Эгал Ўзбекистоннинг Сиэтлдаги Бош консулхонаси фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.

Шу билан бирга, ҳоким шаҳарда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик диаспора вакилларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг маҳаллий жамият ҳаётидаги фаоллигини рағбатлантириш, Ўзбекистон ва Ситак ишбилармон доиралари ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш ҳамда қўшма лойиҳаларни илгари суришда шахсан кўмак беришга тайёр эканини маълум қилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш