Ўзбекистон ва Туркия атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ҳамкорлик битимини имзолади
Ноябрь 10, 2026. 13:00 • 2 дақ
• 22
АНТАЛЬЯ, 10 ноябрь. /“Дунё” АА/. Кеча Ўзбекистон ва Туркия Анталья шаҳрида БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича 31-конференцияси (COP31) доирасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Туркиянинг “Anadolu” ахборот агентлиги маълумотига кўра, ҳужжат Анталияда COP31 раиси, Туркия атроф-муҳит, шаҳарсозлик ва иқлим ўзгариши вазири Мурат Курум ҳамда Ўзбекистон Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов ўртасидаги учрашувда имзоланган.
Битим иқлим ўзгаришига қарши курашиш, ҳаво ва сув ифлосланишининг олдини олиш, чиқиндиларни бошқаришни такомиллаштириш ҳамда циркуляр (айланма) иқтисодиётни ривожлантириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни мустаҳкамлашга қаратилган.
Мурат Курум ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида мазкур ҳужжат икки мамлакат ҳамкорлиги учун мустаҳкам пойдевор яратишини таъкидлаган. “Антальяда мустаҳкамланган ушбу шериклик давлатларимиз ва умумий келажагимиз манфаатларига хизмат қилади, деган умиддаман”, – дея фикр билдирган вазир.
“Дунё” АА сурати
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси