Logo

Сунъий интеллектнинг тез ривожланиши медиа соҳасини тубдан ўзгартирмоқда

Март 30, 2026. 09:52 • 3 дақ

64
Сунъий интеллектнинг тез ривожланиши медиа соҳасини тубдан ўзгартирмоқда

СЕУЛ, 30 март. / “Дунё” АА/. Сеул шаҳрида “World Journalists Conference 2026” ­– Бутунжаҳон журналистлар конференцияси ўз ишини бошлади, деб хабар бермоқда конференцияда иштирок этаётган “Дунё” АА мухбирлари.

Конференциянинг биринчи сессияси “Демократия ва журналистика чорраҳада: инқироз шароитида ОАВнинг роли” мавзусига бағишланди. Унда дунёдаги асосий муаммолар – дезинформациянинг кенгайиши, сиёсий қарама-қаршиликлар кучайиши ва анъанавий ахборот манбаларига ишонч камайиши муҳокама қилинмоқда.

Сессия модератори, “The Korea Herald” газетаси бош муҳаррири Ли Жу Хи замонавий инқирозлар журналистиканинг ролини ўзгартириб, унинг демократик институтларни қўллаб-қувватлашдаги аҳамиятини янада ошираётганини таъкидлади. Модераторнинг фикрича, сунъий интеллектнинг тез ривожланиши медиа соҳасини тубдан ўзгартирмоқда ва бу янги имкониятлар билан бирга жиддий хавфларни ҳам келтирмоқда.

Муҳокамаларда инқирозли вазиятларда ОАВнинг ўрни алоҳида қайд этилди. Бундай пайтларда журналистика жамиятни хабардор қилиш, шаффофликни таъминлаш ва одамларнинг ишончини сақлашда муҳим воситага айланади.

Германиялик журналист Феликс Лиллнинг айтишича, бугунги кунда энг катта муаммолардан бири – журналистикага бўлган ишончнинг пасайиши. Масалан, Германияда аҳолининг тахминан 42 фоизи ОАВга ишонмайди. Кўпчилик ахборот воситалари сиёсий таъсир остида, деб ҳисоблайди.

Немис журналистининг таъкидлашича, ахборот истеъмоли ҳам ўзгариб бормоқда. Айниқса, ёшлар янгиликларни ижтимоий тармоқлар, қисқа видеолар ва инфлюенсерлар орқали олишмоқда. Масалан, TikTok каби платформаларда янгиликлар кенг тарқалмоқда ва буни инобатга олмаслик мумкин эмас.

Франциялик муҳаррир Даниэль Бастар эса дунёда матбуот эркинлигига босим ортиб бораётганини айтди. Муҳаррирнинг фикрича, айрим давлатларда авторитар бошқарув кучайиб, ҳатто демократик жамиятларга ҳам таъсир кўрсатмоқда. Журналистларни “халқ душмани” деб аташ каби ҳолатлар ОАВга босимни кучайтиради.

Шунингдек ўқинг

Шунингдек, рақамли назоратнинг ошиши, ноаниқ қонунлар ва ўз-ўзини цензура қилиш ҳолатлари ҳам кўпаймоқда. Бу эса, кўплаб мамлакатларда матбуот эркинлиги ҳолатининг ёмонлашишига олиб келмоқда.

Жанубий Кореялик журналист Ким Ин Чжи 2024 йил декабрь ойида мамлакатда жорий этилган ҳарбий ҳолат ҳақида гапирди. Унинг айтишича, бу воқеа демократия ва медиа тизими учун жиддий синов бўлган. Бу даврда сиёсий фаолият чекланган, йиғилишлар тақиқланган ва ОАВ ҳарбий назоратга ўтган. Шунга қарамай, журналистлар воқеаларни реал вақтда ёритишда давом этган ва жамиятни хабардор қилиб турган. Бу фуқаролик жамиятини бирлаштиришда муҳим роль ўйнаган.

“Журналистика нафақат ахборот тарқатиши, балки конституциявий қадриятларни ҳам ҳимоя қилиши керак. Демократия доимий равишда ривожланиб боради ёки орқага чекиши мумкин”, – деди Ким Ин Чжи.

Таиландлик журналист Паттрапорн Пайбулсин бугунги дунёда нафақат геосиёсий, балки ахборот инқирози ҳам кузатилаётганини таъкидлади. Унинг фикрича, интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали ахборот кўпайгани билан, унинг ҳаммаси ишончли эмас. Аксинча, нотўғри маълумотлар ва турли сиёсий таъсирлар кучаймоқда. Шу билан бирга, сунъий интеллект орқали сохта тасвир, аудио ва видеолар яратиш имконияти ҳам хавф туғдирмоқда.

“Бугун урушлар фақат жанг майдонида эмас, балки ахборот маконида ҳам олиб борилмоқда. Шунинг учун масъулиятли журналистика жуда муҳим”, – деди Паттрапорн Пайбулсин.

Журналистнинг қўшимча қилишича, технологиялар қанчалик ривожланмасин, журналистика асосида инсоний қадриятлар — ҳалоллик, мустақиллик ва масъулият туриши керак.

Халқаро конференция иши давом этмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш