Варшавада Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти намойиш этилди
Март 29, 2026. 15:30 • 2 дақ
• 42
ВАРШАВА, 29 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси томонидан Варшава шаҳрида“Ўзбекистон - Буюк ипак йўли дурдонаси” мавзусида Наврўз байрамига бағишланган тадбир ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Польшанинг “AB Poland Travel”, “Olimp Air Biuro Podróży”, “Travolo.pl”, “Barents.pl”, “Torre.pl”, “Dream Go”, “Górskie Biuro Podróży” ва бошқа сайёҳлик компаниялари, шунингдек, “LOT Polish Airlines”, “Air Arabia”, “Turkish Airlines”, Польша-Ўзбекистон савдо палатаси, “Ambasador” журнали вакиллари ва блогерлар иштирок этди.
Тадбир доирасида давра суҳбати ўтказилиб, унда иштирокчилар Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти билан танишдилар. Шунингдек, мамлакатимизга сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида томонлар ҳамкорликни янада кенгайтириш ва қўшма туризм лойиҳаларини амалга оширишга келишиб олдилар.
Учрашувлар якунида польшалик иштирокчилар тадбир ҳақидаги самимий фикрлари билан ўртоқлашди.
Януш Пехочинский, Польша-Осиё савдо палатаси президенти, Польша бош вазири собиқ ўринбосари:
- Польшаликларда Ўзбекистоннинг бетакрор табиати, бой тарихи ва юксак маданиятига бўлган қизиқиш ортиб бормоқда. Айниқса, сўнгги йилларда ишлаб чиқариш, саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар ҳам кенг эътиборни жалб этмоқда.
2024 йилда “LOT” авиакомпанияси Тошкентга тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўйди ва Ўзбекистон ҳаво йўллари ҳам ўз парвозларини бошлашини кутмоқдамиз.
Ада Кжевиска, “Ambasador” журнали бош муҳаррири:
- Бугунги тадбир ҳам Ўзбекистоннинг Польша ҳамда поляк жамияти билан ҳамкорликка қанчалик очиқ эканини яққол намоён этади.
Мамлакатингиз поляк сайёҳлари учун ниҳоятда жозибадор маскан ҳисобланади. Кўплаб поляклар Ўзбекистонга ташриф буюришни мамнуният билан танлайдилар, зеро бу ерда нафақат гўзал табиатдан баҳраманд бўлиш, балки ўзбек халқига хос самимий меҳмондўстликни ҳис этиш мумкин. Ишончим комилки, бугунги каби тадбирлар поляк сайёҳларини Ўзбекистонга ташриф буюришга янада кўпроқ рағбатлантиради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси