БМТ махсус вакили: Ўзбекистон болаларни ҳимоя қилиш бўйича минтақада етакчилик қилиши мумкин
Октябрь 22, 2026. 12:00 • 2 дақ
• 77
САМАРҚАНД, 22 октябрь. /“Дунё” АА/. БМТ Бош котибининг болаларга нисбатан зўравонлик масалалари бўйича махсус вакили Нажат Маалла Мжид “Дунё” АА мухбирига берган интервьюсида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва саъй-ҳаракатлар ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини билдирди.
– Ўзбекистонда болаларни ҳимоя қилиш тизимини мустаҳкамлаш ва уни ижтимоий ҳимоя билан интеграция қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар менда катта таассурот қолдирди. Мамлакатда бу йўналишда сезиларли амалий натижаларга эришилганига гувоҳ бўлдим.
Мутахассисларни интенсив тайёрлаш, кадрлар салоҳиятини ошириш ва зарур ресурсларни сафарбар этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Интеграциялашган хизматларни жорий этиш учун ҳуқуқий асослар яратилган. Прокуратура, соғлиқни сақлаш тизими, педагоглар ва ижтимоий ходимларни қамраб олган қўшма ўқув дастурлари ташкил этилгани ҳам алоҳида аҳамиятга эга.
Энг муҳими, Ўзбекистонда бу борада юқори даражадаги сиёсий ирода мавжуд. Давлат раҳбариятининг асосий мақсади — ислоҳотлар одамлар ҳаётида ижобий ўзгаришларга олиб келаётганини кўриш. Ресурсларни мақсадли йўналтириш ва жараёнларни назорат қилиш ҳам ушбу вазифаларни амалга оширишда муҳим ўрин тутади.
Энди асосий вазифа – эришилган натижаларни кенг кўламда татбиқ этиш ва самарали тажрибаларни бутун мамлакат бўйлаб жорий қилишдир. Ўзбекистонда бу борада муваффақиятга эришиш учун барча имкониятлар мавжуд. Фикримча, мамлакатингиз болаларни ҳимоя қилиш бўйича минтақада етакчиликни намойиш этиши мумкин.
Мен фақат баёнот ва умумий чақириқлар билан чекланадиган тадбирларни қўллаб-қувватламайман. Саммитнинг ҳақиқий аҳамияти унинг амалий натижалари ва қабул қилинган қарорларнинг ҳаётга татбиқ этилиши билан белгиланади.
Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан болалар фаровонлигига инвестиция киритиш масаласининг глобал устувор вазифа сифатида илгари сурилаётгани эса алоҳида эътиборга лойиқ. Бугунги кунда дунёдаги низолар ва беқарорлик шароитида энг кўп жабр кўраётганлар болалардир.
Турли мамлакатлар вакилларини бирлаштириб, болаларнинг ҳуқуқлари, фаровонлиги ва келажагига сармоя киритиш масаласини умумий кун тартибига олиб чиқиш жуда муҳим. Бу нафақат инсон манфаатларига йўналтирилган тараққиёт, балки барқарор ривожланиш ва хавфсизликни таъминлашнинг ҳам муҳим шартидир.
Халқаро тажриба алмашиш, идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва болалар манфаатларини барча қарорларнинг марказига қўйиш орқали Ўзбекистон бу йўналишда янада катта натижаларга эришиши мумкин.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси