Париждан муносабат: Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорликни кенгайтириш сиёсати янги иқтисодий имкониятлар очмоқда

Октябрь 22, 2026. 11:30 • 2 дақ

• 100
Париждан муносабат: Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорликни кенгайтириш сиёсати янги иқтисодий имкониятлар очмоқда

ПАРИЖ, 22 октябрь. /“Дунё” АА/. “MEDEF International” ташкилоти ҳузуридаги Франция–Ўзбекистон ишбилармонлик кенгаши раиси Клод Имовен “Дунё” ахборот агентлигига берган интервьюсида АҚШ давлат котиби Марко Рубионинг Ўзбекистонга амалий ташрифи юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

— Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорликни диверсификация қилиш, ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва хорижий ҳамкорлар билан узоқ муддатли шерикликни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлари эътирофга лойиқ.

Ўзбекистоннинг турли давлатлар билан алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган изчил сиёсати мамлакат суверенитетини намоён этиш билан бирга, унинг халқаро савдо тизимига интеграциялашувини ҳам жадаллаштирмоқда.

Шу нуқтаи назардан, АҚШ давлат котиби Марко Рубионинг Ўзбекистонга ташрифи мамлакатнинг халқаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш учун муҳим аҳамият касб этади. Халқаро иқтисодий ҳамкорликнинг кенгайиши савдо-иқтисодий муносабатларни чуқурлаштириш ва хорижий компаниялар билан янги шериклик лойиҳаларини амалга ошириш учун қўшимча имкониятлар яратади.

Шунингдек ўқинг

“С5+1” мулоқот формати ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Ушбу механизм глобал ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашиш, умумий ечимларни излаш ҳамда Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.

Франция ишбилармон доиралари ҳам Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор. Хусусан, “MEDEF International” 2027 йилда Ўзбекистонга навбатдаги бизнес-миссияни ташкил этишни режалаштирмоқда.

Ташрифдан кўзланган мақсад Франция ва Ўзбекистон корхоналари ўртасидаги алоқаларни давом эттириш ва янги ҳамкорлик йўналишларини ривожлантиришдан иборат бўлади.

Ўзбекистоннинг очиқ ва кўп қиррали ташқи иқтисодий сиёсати мамлакатнинг халқаро майдондаги жозибадорлигини ошириш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш ва узоқ муддатли шериклик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш