АҚШ Эрон билан урушга 37,5 миллиард доллар сарфлади

Июль 22, 2026. 14:00 • 3 дақ

97
АҚШ Эрон билан урушга 37,5 миллиард доллар сарфлади
 “Al Jazeera” телеканали сурати

ВАШИНГТОН-ТЕҲРОН, 22 июль. /“Дунё” АА/. АҚШнинг Эронга қарши ҳарбий операцияси Вашингтонга 37,5 миллиард долларга тушди, Пентагон эса жанговар ҳаракатларни давом эттириш учун Конгрессдан яна 87 миллиард доллар сўради, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

АҚШ Мудофаа вазири Пит Ҳегсет Сенатдаги эшитувларда уруш харажатлари май ойидаги охирги расмий баҳолашдан бери деярли 8 миллиард долларга ошганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, 87 миллиард долларлик қўшимча молиялаштириш пакетидан қарийб 67 миллиарди Яқин Шарқдаги операцияларга йўналтирилиши режалаштирилмоқда.

Вазир янги молиялаштириш тасдиқланмаса, Пентагон ҳарбий хизматчиларга иш ҳақи тўлаш, қурол-яроғ захираларини тўлдириш ва жорий операцияларни қўллаб-қувватлаш учун маблағ етишмовчилигига дуч келишидан огоҳлантирди. У ушбу сўровни АҚШга ҳарбий устунликни сақлаб қолиш имконини берувчи “бир авлод сармояси” деб атади.

Вазиятдан хабардор “NBC News” манбасининг таъкидлашича, ҳақиқий харажатлар расмий баҳолашдан анча юқори. Чунки унга зарар кўрган Америка ҳарбий базаларини қайта тиклаш харажатлари киритилмаган.

Эшитувлар урушга қарши намойишчиларнинг бир неча бор қилган норозилик чиқишлари билан кечди ва Пит Ҳегсет ҳамда демократ-сенатор Гэри Питерс ўртасидаги кескин тортишув билан якунланди. Демократлар Дональд Трамп маъмуриятини, яқинда президентнинг ўзи “Ғалаба қозонилди” деб эълон қилган уруш учун ўнлаб миллиард доллар ажратишни талаб қилаётгани учун танқид остига олишди.

Кетма-кет давом этаётган жанговар ҳаракатлар фонида кеча Америка ҳарбийлари Эрон ҳудудидаги объектларга қарата кетма-кет 11-авиазарбалар сериясини берди. Бунга жавобан Теҳрон минтақадаги Америка ҳарбий объектларига янги ракета зарбалари берилганини маълум қилди.

Эрон томони маълумотларига кўра, зарбалар Табриз, Хузистон, Ҳурмуз бўғози яқинидаги Сирик, Чобаҳор, Конарак, Бушеҳр ҳамда мамлакатнинг бошқа қатор ҳудудларидаги нишонларга қаратилган. Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси “Тажовузкорни жазолаш” операциялари давом эттирилишини билдириб, Кувайтдаги АҚШ ҳарбий объектларига ҳам зарба берилганини маълум қилди.

 “CNN” телеканалининг хабар беришича, АҚШ президенти Дональд Трамп Америка қўшинлари Эроннинг тахмин қилинаётган махфий ядровий объекти — “Кирка тоғи”га жуда яқин вақт ичида ва жуда кучли зарба бериши мумкинлигини айтган.

Бунга жавобан, Теҳрон можаронинг янада авж олиши уни Яқин Шарқ ҳудудидан анча кенгроқ минтақаларга ёйиб юбориши мумкинлигидан огоҳлантирди.

АҚШ давлат котиби Марко Рубио Манилага ташрифи чоғида Вашингтон ҳали ҳам дипломатик йўл билан келишувга эришишга тайёрлигини билдирди. Бироқ, унинг таъкидлашича, Эрон музокараларга жиддий ёндашмаяпти.

“Агар улар жиддий музокараларга тайёр бўлса — биз ҳам тайёрмиз. Агар бундай бўлмаса, ўз манфаатларимиз ва иттифоқчиларимиз манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган барча чораларни кўрамиз”, — деди дипломат.

Давом этаётган ҳарбий тўқнашувлар фонида Пентагон минтақа ҳудудида яна бир неча америкалик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлганини тасдиқлади. АҚШ оммавий ахборот воситалари маълумотларига кўра, 28 февралда бошланган уруш давомида ҳалок бўлган америкаликлар сони 18 нафарга етган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш