“Islomobod Post”: Ўзбекистон халқаро ҳуқуқ тилини қабул қилиб, глобал молиявий тизимнинг бир қисмига айланмоқда

Июль 22, 2026. 10:00 • 2 дақ

3
“Islomobod Post”: Ўзбекистон халқаро ҳуқуқ тилини қабул қилиб, глобал молиявий тизимнинг бир қисмига айланмоқда

ИСЛОМОБОД, 22 июль. /“Дунё” АА/. Покистоннинг нуфузли “Islomobod Post” газетасида Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Дилдора Камалованинг “Ўзбекистон халқаро ҳуқуқ тилини қабул қилиб, глобал молиявий тизимнинг бир қисмига айланмоқда” сарлавҳали таҳлилий мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрда таъкидланишича, Ўзбекистон Президенти томонидан имзоланган “Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги қонун мамлакат ҳуқуқий тизимида алоҳида аҳамиятга эга бўлган ҳужжатлардан бири ҳисобланади. У инвесторлар учун юқори даражадаги ҳуқуқий кафолатларни таъминлайди, яъни қонуности ҳужжатлари унинг нормаларига зид бўлиши мумкин эмас. Шу муносабат билан Ўзбекистон Конституцияси ва қатор кодексларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.

Мақолада Тошкент халқаро молия марказининг (ТХММ) ҳуқуқий тизими Англия ҳуқуқи ва адолат тамойилларига асосланишига алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, марказ ҳудудида мустақил Тошкент халқаро тижорат суди ташкил этилиши ҳамда унга халқаро миқёсда тан олинган юқори малакали судьялар жалб этилиши қайд этилган.

Шунингдек ўқинг

“Islomobod Post” нашри ТХММ иштирокчиларига капитал ва даромадларни эркин репатриация қилиш, хорижий валюта ҳамда рақамли активлар билан операциялар амалга ошириш имкониятлари кафолатланганини таъкидлайди. Марказ фаолияти тўртта мустақил орган — кенгаш, маъмурият, молиявий хизматлар бошқармаси ва тижорат суди томонидан таъминланади. Бунда Кенгаш аъзоларининг камида учдан бир қисми халқаро мустақил экспертлардан иборат бўлиши белгиланган.

Мақолада хулоса қилинишича, Тошкент халқаро молия марказининг ташкил этилиши Ўзбекистоннинг глобал молиявий тизимдаги иштирокини кенгайтириш ва халқаро стандартларга мос ишончли молиявий майдон яратиш йўлидаги муҳим стратегик қадамларидан бири ҳисобланади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш