Могилёв вилояти ижроия қўмитаси ва Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ўртасида ҳамкорлик битими имзоланди

Сентябрь 08, 2026. 12:30 • 2 дақ

77
Могилёв вилояти ижроия қўмитаси ва Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ўртасида ҳамкорлик битими имзоланди

МОГИЛЁВ, 8 сентябрь. /“Дунё” АА/. Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Могилёв вилояти ижроия қўмитаси раиси Анатолий Исаченко билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Учрашувда Ўзбекистоннинг Беларусдаги элчиси Нуриддин Мамажонов, дипломатик ваколатхона вакиллари ҳамда икки томон бизнес доиралари иштирок этди. Тадбирда агросаноат мажмуаси, чорвачилик, мебелсозлик, ёғочсозлик шунингдек, туризм ва ижтимоий соҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Музокаралар чоғида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ҳамда Марказий, Жанубий ва Ғарбий Осиё бозорларига чиқиш учун транзит йўналишларининг логистика салоҳиятидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар импорт ўрнини босиш ва қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишдан манфаатдор эканини тасдиқладилар.

Могилёв вилояти раҳбари Анатолий Исаченко минтақада ўзбек капитали иштирокида 14 та корхона ташкил этилганини таъкидлаб, Беларусь томони икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш учун барча зарур шароитларни яратиб беришга тайёрлигини билдирди.

Шунингдек ўқинг

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ва элчи Нуриддин Мамажонов давлатларимиз раҳбарларининг учрашувлари ҳамда Беларусь ва Ўзбекистон ҳудудлари III форуми якунлари бўйича эришилган келишувлар амалий натижа бераётганини қайд этдилар. Хусусан, делегациянинг 10 кунлик тайёргарлик ишлари натижасида чорвачилик ва саноат соҳаларида 8 та янги лойиҳа ишлаб чиқилгани маълум қилинди.

Мулоқот якунида Анатолий Исаченко ва Улуғбек Қосимов Магилёв вилояти ижроия қўмитаси ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик тўғрисидаги битимни ҳамда уни амалга ошириш бўйича 2026–2028 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси”ни имзоладилар.

Ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси аъзолари “Могилевлифтмаш” ва “Рассвет им. К.П.Орловского” очиқ акциядорлик жамиятлари фаолияти билан ҳам яқиндан танишдилар.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш