Ўзбекистон ва Сербия 2026–2028 йилларда мўлжалланган саноат шериклигини ривожлантириш бўйича қўшма ҳаракатлар режасини қабул қилди

Сентябрь 08, 2026. 09:30 • 3 дақ

150
Ўзбекистон ва Сербия 2026–2028 йилларда мўлжалланган саноат шериклигини ривожлантириш бўйича қўшма ҳаракатлар режасини қабул қилди

ТОШКЕНТ, 8 сентябрь. /“Дунё” АА/. Кеча Белград шаҳрида Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ҳамда Сербия ҳалқаро иқтисодий алоқалар бўйича вазири Ненад Попович ҳамраислигида Ўзбекистон–Сербия иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиясининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотларига кўра, йиғилишда тегишли вазирлик ва идоралар, шунингдек ҳудудлар вакиллари иштирок этди.

Йиғилиш давомида Ўзбекистон Президентининг Сербияга икки томонлама муносабатлар тарихидаги илк ташрифи шерикликнинг янги босқичини бошлаб бериши таъкидланди. Комиссия фаолиятининг йўлга қўйилиши икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродасини аниқ иқтисодий ечимлар билан мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилди.

Иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги битим ҳамда инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги битимнинг кучга киргани ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратмоқда.

Ўзаро савдо масалалари муҳокамаси чоғида унинг бугунги ҳажми икки мамлакат иқтисодиётлари салоҳиятига ҳали тўлиқ мос келмаслиги қайд этилди. Савдони янада либераллаштириш мақсадида Эркин савдо тўғрисидаги битим бўйича музокараларни бошлаш uchun ишчи гуруҳ тузишга оид Қўшма декларация имзолашга тайёрланди. Мазкур механизм товарлар va хизматларнинг ўзаро етказиб берилиши uchun янада қулай шарт-шароитларни шакллантириш ҳамда товар айирбошлаш ҳажмини оширишга қўшимча туртки беришга хизмат қилади.

Томонларнинг тармоқ устуворликлари ўзаро мос келишини ҳисобга олган ҳолда, етказиб бериш ҳажмини оширишни қўшма ишлаб чиқаришларни ташкил этиш билан уйғунлаштириш белгиланди. Бугунги кунда Ўзбекистонда Сербия капитали иштирокидаги ўнта корхона фаолият юритмоқда. Бутловчи қисмлар ва дори воситаларини маҳаллийлаштириш, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш, уруғчилик, боғдорчилик ва сутни қайта ишлаш соҳаларида ҳамкорлик имкониятлари белгилаб олинди. Технологик кун тартибидан критик минераллар, рақамли геология, сунъий интеллект, 5Г алоқа технологиялари ва экспортга йўналтирилган ИТ-лойиҳалар ўрин оди.

Шунингдек ўқинг

Юк ташувларини соддалаштириш мақсадида рухсатномалар ва дастлабки божхона маълумотларини электрон шаклда алмашиш, шу орқали қоғоз ҳужжатлар айланишини қисқартириш таклиф этилди. Инфратузилма соҳасида Ўзбекистон томонининг Сербия темир йўл тармоғини модернизация қилишда, жумладан 200 километрлик участкани қуришда иштирок этиш истиқболлари кўриб чиқилди.

Қўшма ташаббусларни илгари суришга ташкил этилган Ўзбекистон–Сербия Ишбилармонлар кенгаши кўмаклашади. Икки мамлакат маҳсулотлари ва инвестициявий таклифларини тақдим этиш, ҳамкорларни излаш ҳамда тармоқлараро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш учун халқаро кўргазма майдончалари салоҳиятидан фойдаланиш ва қўшма бизнес тадбирларини ўтказиш режалаштирилган. Ана шундай тадбирлардан бири 2027 йилда Белградда бўлиб ўтадиган ЭКСПО 2027 кўргазмаси бўлади.

Иқтисодий масалалар билан бир қаторда, иштирокчилар қўшма илмий тадқиқотлар, академик алмашинувлар, маданият ва туризм, меҳнат миграцияси ва ижтимоий ҳимоя соҳаларидаги ҳамкорликни ҳам муҳокама қилдилар. Тошкент ва Белград, Самарқанд ва Нови-Сад шаҳарлари, шунингдек Самарқанд вилояти ва Воеводина Автоном ўлкаси ўртасидаги шериклик алоқаларини ривожлантириш қўллаб-қувватланди. Ҳудудлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида 2026–2027 йилларга мўлжалланган ўзаро ташрифлар жадвалини тасдиқлаш таклиф этилди.

Йиғилиш якунлари бўйича 2026–2028 йилларда саноат шериклигини ривожлантириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режаси имзоланди. Комиссиянинг иккинчи йиғилишини 2027 йилда Ўзбекистонда ўтказиш бўйича келишувга эришилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш